Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Хоразм вилояти Тўпроққалъа туманида ҳозирда Damas ва Labo ишлаб чиқарилаётган заводда янги русумдаги автомобиль ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2 май куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, давлат раҳбари йиғилишда Хоразмдаги Damas заводи бўйича катта янгиликни эълон қилган. Хусусан, бу заводда 100 млн доллар ҳисобига бозорда катта талабга эга арзон автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Автомобиль Евро-5 экологик стандартига жавоб беради, 7 ўриндиққа эга бўлади.
Хабарда Damas ишлаб чиқаришдан воз кечиладими ёки йўқлиги аниқ айтилмаган. «Газета.uz» UzAuto Motors компаниясига сўров юборди.
Мутасаддиларга 2025 йилда ҳамкорлар билан музокарани якунлаб, кейинги йилда йирик узелли йиғиш усулида ишлаб чиқаришни бошлаш, 2027 йилда тўлиқ циклга ўтиб, маҳаллийлаштиришни 50 фоизга олиб чиқиш топширилди.
Ўзбекистонда Damas 1996 йилнинг март ойидан Андижон вилояти Асака туманидаги GM Uzbekistan автомобиль заводида ишлаб чиқарила бошланган. 2006 йилдан корхона унинг янгиланган версиясини ишлаб чиқарди, 2014 йилдан эса ишлаб чиқариш Хоразм вилоятига кўчирилди.
Daewoo Damas Жанубий Кореянинг GM Daewoo компаниясининг микроавтобуси бўлиб, у 1991 йилдан буён ишлаб чиқарилган ва 1985 йилдаги Suzuki Every кузовининг деярли нусхаси эди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда UzAuto Motors томонидан 101,9 минг донадан ортиқ Damas ишлаб чиқарилган, бу 2023 йилга (89,1 минг) нисбатан 14,3 фоизга кўпдир. Таққослаш учун 2020 йилда ушбу русумдаги 51,7 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди