Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тизими 1 майдан бошлаб кучга кирмайди.Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда жарима балларини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат белгиланган тартибда ишлаб чиқилмоқда.

«Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганидан сўнг, йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун бериладиган жарима балларининг ҳисобланиш муддати ва тартиби аниқ белгиланади», — деди Йўлдошов.

Аввалроқ интернетда ҳукумат қарори лойиҳасига таяниб, жарима баллари тизими 1 майдан бошланиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Март ойида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган лойиҳада айрим қоидабузарликлар, жумладан, тезликни ошириш, қувиб ўтиш қоидасини бузганлик ва бошқалар учун балл берилиши режалаштирилган (жадвал).

Жарима балларини ҳисоблаш тизим учун узоқ йўл

Жарима балли тизимни жорий этиш 2018 йилнинг май ойида қабул қилинган 2018−2022 йилларда Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясида кўзда тутилган эди. Бу борада 2019 йилда ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши режалаштирилганди.

Президентнинг 2022 йилдаги қарори билан жарима балл тизимини 2022 йил 1 декабрдан ишга тушириш белгиланган бўлса, ўша йилнинг ноябрь ойида ЙҲХХ тизимни тест режимида ишга туширишини, у ерда қонунбузарликларни жарима солмасдан қайд этишини маълум қилган. Ўшанда таъкидланганидек, қонун лойиҳаси ҳали ҳам якунланмаган.

2023 йил ноябрь ойида Қонунчилик палатаси жарима балл тизимини ишга тушириш учун зарур бўлган қонунни қабул қилди. 2024 йил август ойида Сенат уни қайта кўриб чиқиш учун юборди.

Ҳужжатни президент 20 февраль куни имзолади. Ушбу жарима баллари миқдори энди Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши керак.