Ўзбекистондаги 2025 йилги Ҳаж мавсуми шу йил 13 майдан бошланади. 28 майга қадар ҳар куни юртимиздан Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар қилди.

Зиёратчилар Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади. Авиапарвозлар Uzbekistan Airways билан бирга FlyNas ва FlyAdeal авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.

Ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича қуйидаги тайёргарлик ишлари давом этмоқда:

  • Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилди;
  • эмлаш ишлари олиб борилди;
  • гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар бириктирилди;
  • сафар олдидан амалий машғулотлар ташкил этилди;
  • хужжатлар расмийлаштирилди.

Шунингдек, ҳар бир зиёратчига «Ҳаж — буюк ибодатдир» қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта ва қувватлагич тақдим этилган.

Айни пайтда гуруҳ раҳбарлари зиёратчилар билан Ҳаж амаллари бўйича суҳбатлар олиб бормоқда, дейилди идора хабарида.