Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Ўзбекистонда жорий ҳафта бошида ҳаво ҳарорати жуда иссиқ бўлади. Хорижий об-ҳаво бюролари маълумотига кўра, душанба куни республиканинг асосий аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудларида ҳарорат шу давр учун хос меъёрий қийматдан 8−12 даража юқори бўлиши прогноз қилинган. Бу ҳозирги мавсум учун аномал иссиқлик тўлқинидир.
Сешанбадан минтақага ҳароратнинг кескин пасайиб кетишига сабаб бўладиган, марказида атмосфера босими 1028 гПа га тенг бўлган совуқ антициклон кира бошлайди. Аммо бу оқимнинг ҳароратга доир кучи фақат Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига таъсир қилиб (ҳарорат кундузи +20…+23 даража, тунда +8 даража илиқ бўлади), мамлакатнинг бошқа жойларида ҳаво ҳарорати ҳатто апрель охирида кузатиладиган меъёрий ҳароратдан ҳам бироз юқори бўлади.
Аммо айнан шу антициклон сабаб сешанба ва чоршанба кунлари ҳудудларда кучли шамол кузатилиши ва чанг-тўзонлар кўтарилиши, шимолий ва тоғли ҳудудларда жала ёғиши мумкин. Дам олиш кунлари эса минтақага навбатдаги иссиқлик тўлқинлари кириб келиши кутиляпти.
«Ўзгидромет» 28−30 апрель кунлари Ўзбекистоннинг 8 та вилоятида сел-сув тошқин хавфларини эълон қилган. Масъул хизматлар шу кунлари табиат ҳодисалари ортидан келадиган хатарлар оқибатларини камайтириш учун ўз куч ва ресурсларини хавф юзага келиши мумкин бўлган ҳудудларга йўналтириши, аҳолини хавф-хатардан барвақт огоҳлантириш тизимларини кучайтириши лозим.
Манба: Meteoinfo.ru
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 28 апрель куни тоғлардан бошқа жойларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат жуда иссиқ бўлади. Шимолий ҳудудларда кундузи ҳарорат +28…+33 даража, бошқа жойларда +35…+40 даража иссиқ бўлади. Тоғларда ҳам ҳаво ҳарорати +28 даражагача кўтарилиши прогноз қилиняпти.
Тунги ҳарорат республиканинг катта қисмида +15…+20 даража, Фарғона водийси вилоятларида +12…+17 даража, жанубий вилоятларда +17…+22 даражагача илиқ бўлиши кутилмоқда. Фарғона водийсидан бошқа жойларда кучли шамол ва чанг тўзонлари кўтарилиши тахмин қилинмяпти.
Маълумот учун, қуйида 28 апрель куни куннинг энг қизиган вақтида кузатилиши мумкин бўлган ҳаво ҳарорати прогноз харитаси келтирилмоқда:
Синоптиклар 29−30 апрель ва 1 май кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида ёғингарчилик бўлмаслигини маълум қилган. Фақат сешанба ва чоршанба кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида чақмоқ-момақалдироқ хусусиятли қисқа муддатли жала ёғиб ўтиши мумкин. Пайшанба куни эса тоғлардан ташқари ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди.
Каспий денгизи устидан антициклоннинг минтақага чуқур кириб келиши сешанба кунидан шимолда ҳароратни сезиларли пасайтириб юборса, сешанба ва чоршанба кунлари бошқа ҳудудларда кучли шамол ва чанг тўзонлар хавфини оширади. Тоғларда жала ёғинлар (ҳатто дўл ёғиши) кутилади.
Шимолда ҳарорат сешанбадан пайшанбага қадар ҳар куни олдинги кунларга нисбатан тунда ҳам, кундуз куни ҳам 2−3 даражадан юқори кўтарилиб бориш тамойилига эга. Антициклоннинг ғарбдан шарққа томон ҳаракатида у босиб ўтган йўлларида ҳарорат душанба кунига нисбатан бироз пасайиб боради. Аммо ҳаво ҳароратининг бундай пасайишини Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларидан ташқаридаги аҳоли кўп ҳам ўз танасида ҳис қилмайди.
Жума ва дам олиш кунлари республиканинг катта қисмида аста-секин ҳароратнинг олдинги кунларга нисбатан кўтарилиши рўй беради. Деярли ёғингарчилик кутилмайди. Дам олиш кунлари қўшни Туркманистон ҳудудларидан +40 даражага яқин иссиқликни улашувчи яна бир иссиқ ҳаво массаси кириб кела бошлайди.
Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (28−30 апрел ва 1−4 май кунлари) давомида республиканинг аҳоли зич истиқомат қилувчи катта қисмида ҳарорат жуда ҳам юқори, Қорақалпоғистон Республикаси айрим туманларида меъёрий ҳарорат кузатилади. Ёғингарчилик бўйича республиканинг жуда катта қисмида ёғин тақчиллиги кузатилиши, фақат Хоразм вилоятиида ижобий ёғин бўлиши прогноз қилинган.
Шундай қилиб, ҳафта давомида иссиқ ва қуруқ об-ҳаво муҳити бўлиши, фақат сешанба куни Хоразмда кўп ёғингарчилик бўлиши ойдинлашмоқда.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Ҳафта бошида Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳаво ҳароратининг тана ҳароратидан юқори бўлишидан келиб чиқиб, бу каби юқори ҳароратнинг организмга салбий таъсирини камайтириш чораларини кўриш лозим.
Душанба ва сешанба кунлари кундузи ҳароратнинг +36 даражадан юқори кўтарилади, бундай об-ҳаво муҳитида очиқ ҳавода камроқ ҳаракатланиш тавсия этилади. Сутка давомида кўпроқ сув ичиш, шакарли ва спиртли ичимликларни ичишдан тийилиш, ёғли таомлар ўрнига мевалар тановул қилган маъқул.
Сешанба-чоршанба кунлари айрим ҳудудларда кучли шамоллар кузатилишидан олдин атмосфера босимининг кескин ўзгариши билан боғлиқ «барик тубсизлик» ҳодисасининг кучсиз кўриниши бўлиши мумкин.
Атмосфера босимининг кескин ўзгаришига мойил кишилар ўз саломатлигида ўзгаришлар сезса, аввалги материаллардаги тавсияларга амал қилишлари мақсадга мувофиқ.
Биоиқлимий шароитлар
Ўзбекисоннинг шимолий ҳудудларини ҳисобга олмаса, аҳоли ҳафта бошида кундузи — пешиндан кейин «иссиқ» ва «жуда иссиқ» биоиқлимий шароитга рўбарў келади. Бундай шароитда иссиқдан ҳимояловчи бош кийимлар кийиб олиш ва оч рангли енгил пахтали устки кийимлар кийиш тавсия этилади.
Умуман олганда, Ўзбекистон аҳолиси ҳафта давомида комфорт биоиқлимий шароитга гувоҳ бўлади. Фақат сешанба ва чоршанба кунлари шимолий ҳудудлар аҳолиси иссиқроқ кийимлар кийиб олишлари керак бўлади.
Космик таъсирлар
Қуёш сиртидаги доғларда қуёш чақнашлари билан боғлиқ вазият ҳозирда барқарор. Шунинг учун жорий ҳафта иш кунларида магнит бўрони қўзғалиши билан боғлиқ вазият хавфсиз даражада бўлиши мумкин.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам душанбадан бошқа иш кунларида хавфсиз — «яшил» даражадаги магнит бўрони кузатилиши келтирилган.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Жорий ҳафта об-ҳавоси ёзги ҳарорат муҳитини тақдим этгани учун, сешанба ва чоршанбадан ташқари, ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ вазият табиий ҳолатда рўй бермайди.
Сешанба-чоршанба кунлари эса Ўзбекистоннинг катта қисмида кучли давомли шамол ҳамда унинг ортидан чанг тўзонлари ва чанг бўронлари кузатилиши мумкин. Бундай муҳитда зарурат туғилганда, ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.
Шундай қилиб, 28−30 апрель ва 1−4 май кунлари об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар пайшанба, жума ва шанба кунлари бўлиб, иқлимий ва космик таъсир ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутилмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди