Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Ўзбекистон аҳолиси 15−17 май кунлари жуда иссиқ ҳароратга гувоҳи бўлади. Хусусан, хорижий об-ҳаво бюролари маълумотига кўра, жума куни Ўзбекистоннинг катта қисмида худди ёздаги каби жазирама иссиқ ҳаво кутилади. Таъкидланишича, Қизилқумда ўртача суткалик ҳарорат иқлимий меъёрдан ҳатто 12 даража ва ундан ҳам юқори кўтарилиб кетиши прогноз қилинган. Шу куни ҳудудларда ҳарорат максимуми +45 даражагача кўтарилиши мумкин.
Шанба куни Ўзбекистон шимолида, якшанба куни эса мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳароратнинг ҳафта ўрталарига нисбатан сезиларли пасайиши рўй беради. Айни вақтда, бу ҳолат кучли шамол ва чанг-тўзон ҳодисалари ортидан рўй беришини ҳам қайд этиб ўтиш лозим.
Душанбадан Ўзбекистон ҳудудларига Ғарбдан паст босимли жуда иссиқ ҳаво оқими, чоршанбадан эса қўшни Туркманистон ҳудудларидан ёз ойлари учун хос бўлган, марказида атмосфера босими 1000 гПа дан паст термик депрессия жараёни кириб келиши кутилмоқда. Бу охирги 65 йиллик кузатувлар тарихидаги май ойида кузатилаётган илк термик депрессия жараёни бўлиши мумкин.
Манба: Windy.com
Термик депрессия ўзи нима? Бу Марказий Осиёга кириб келувчи 15 хил синоптик жараённинг 11-си бўлиб, у аслида ёзги синоптик жараёндир. У Марказий Осиёнинг жануби-шарқида паст босимли ҳудуднинг пайдо бўлиши, қуруқ-жазирама иссиқ об-ҳаво билан тавсифланади (бу даврда Марказий Осиё текислик ҳудудларида ҳаво ҳарорати 44−46°С га, баъзи ҳолларда, +48°С гача етиши мумкин).
Термик депрессиянинг давомийлиги 2−3 суткадан 5−7 суткагача, баъзида эса 1,5−2 ҳафтагача давом этиши мумкин. Маълумот учун, сўнгги 65 йилда бу жараён фақат ёз фаслида кузатилган. Глобал иқлим ўзгариши шароитида ушбу оқимнинг биринчи марта май ойида минтақага кириб келиши билан боғлиқ тарихий ҳодиса гувоҳига айланишимиз мумкин.
Манба: GMITI
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 12 май куни тоғлар ва Фарғона водийси вилоятларидан ташқари ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди, ҳарорат жуда иссиқ бўлиши кутилади. Шимолий ҳудудлар, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳарорат кундузи +40 даражагача, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида +37 даражагача, Фарғона водийси вилоятларида эса +35 даражагача кўтарилади.
Тунги ҳарорат республика катта қисмида +17…+22 даража, водий ва Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида +15…+20 даражагача илиқ бўлиши кутилади. Шимол ва чўл ҳудудларида кучли шамол ва чанг тўзонлари кўтарилиши тахмин қилиняпти.
Қуйида 12 май куни куннинг энг қизиган муддатида кузатилиши мумкин бўлган ҳаво ҳарорати прогноз картаси келтирилмоқда. Картада қизғиш рангли иссиқ ҳаво оқими Ўзбекистоннинг катта қисмини қамраб олганини кўриш мумкин. Бу +40 даражагача бўлган ҳароратнинг қамров ҳудудидир.
Синоптиклар 13−15 май кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳарорат янада кўтарилишини маълум қилган. Шу кунлари мамлакатнинг катта қисмида куннинг қизиган пайтида ҳарорат +40 даражагача, жанубий вилоятларда +42 даражагача қизиши таъкидланган. Фарғона водийси вилоятларида ҳам ҳарорат аста-секин кўтарилиб бориши, кундузи термометр устунчалари +38 даражагача етиши қайд этилган. Ҳатто, тоғларда ҳам ҳарорат кундуз куни +30 даражагача кўтарилиши мумкин. Тунги ҳарорат ҳам душанба кунига нисбатан сезиларли кўтарилади.
13 май куни тоғларда қисқа муддатли жала кузатилишини ҳисобга олмаса, ҳудудларда бу кунлари бир томчи ҳам ёмғир ёғмаслиги таъкидланган. Чўл ва текислик ҳудудларида куннинг иккинчи ярмида кучли шамол эсиб, чанг тўзонлари бўлиши прогноз қилинмоқда.
Қуйида 15 май куни куннинг энг қизиган муддатида кузатилиши мумкин бўлган ҳаво ҳарорати прогноз картаси келтирилмоқда. Картадаги оқиш бинафшаранг ҳудудларда ҳарорат +40 даражадан ҳам юқори кузатилиши мумкин.
Жума ва шанба кунлари эҳтимолий иссиқ ҳаво оқими аҳоли зич яшайдиган ҳудудларга чуқур таъсир этади. Бу куни кўплаб йирик шаҳарларда ҳарорат максимумии +42 даражага етади. Жойларда шу кунлари нафақат ушбу кун тарихидаги, ҳатто май ойи тарихидаги иқлим рекордлари янгиланиши мумкин. Дам олиш кунлари шимоли-ғарбдан совуқ ҳаво оқимларининг кириб келиши муносабати билан дастлаб, шанба куни, шимолий ҳудудларда, сўнг республиканинг катта қисмида ҳарорат сезиларли пасая бошлайди.
Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (12−18 май кунлари) давомида республика аҳолиси мавсум учун хос бўлмаган жуда ҳам юқори иссиқликни қабул қилади. Шу етти кунликда республиканинг кўплаб ҳудудлари, хусусан Сурхондарё, Тошкент, Навоий, Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳафталик ҳарорат шу ҳафта учун хос меъёрий қийматдан нақ 10 даражагача кўтарилиб кетиши мумкин. Бошқача айтганда, ушбу ҳудуд аҳолиси бошқа ҳудуд аҳолисига нисбатан иссиқликни кучлироқ ҳис қилади.
Бу ҳолат аномал иссиқлик қоидаларига тўлиқ мос тушиб, «Ўзгидромет» Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 августдаги 501-сон қарори 4б-иловаси бўйича аномал иссиқлик кутилмаси бўйича тезкор огоҳлантириш хабари ишлаб чиқиши керак.
Манба: Lex.uz
Табиийки, кутилаётгани иссиқлик тўлқини сабаб, жорий ҳафта жуда ҳам қуруқ, ёғингарчиликларсиз ўтиши прогноз қилинмоқда. Фақат тоғларда ҳафта бошида қисқа муддатли жала ёғинлар бўлиши мумкин. Дам олиш кунлари иссиқлик тўлқини ортидан совуқ оқимнинг минтага кириб келиши сабаб айрим чўл ва текисликларда жала ёғинлар бўлиши ҳам инкор этилмайди. Тоғларда жуда кучли ёғин тақчиллиги кузатилиши бу ҳафта ҳам давом этиши эҳтимоли катта.
Манба: ECMWF
Манба: ECMWF
Шундай қилиб, ҳафта давомида об-ҳаво муҳити жуда иссиқ ва қуруқ ўтиши ойдинлашмоқда. Шу билан бирга, чоршанба-шанба кунлари энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари ёзги жазирамаларга тайёргарлик бўйича биринчи синовдан ўтади.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Иш кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳаво ҳарорати тана ҳароратидан кўра юқорироқ бўлишидан келиб чиқиб, бундай юқори ҳароратнинг организмга салбий таъсирларини камайтириш чоралари кўриш лозим. Масалан, чоршанба, пайшанба ва жума кунлари кундузи ҳаво ҳароратнинг +36 даражадан юқори кўтарилади, бундай об-ҳаво муҳитида очиқ ҳавода камроқ ҳаракатланиш тавсия этилади.
Бошни қуёшдан асраш керак. Бу муҳим аҳамиятга эга. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, куннинг иссиқ вақтида бош яланг юрганда бош қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиб, одамни «офтоб уриши» мумкин. Бунинг оқибатида тана ҳароратининг кўтарилиши, терининг қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пульснинг тезлашиши, бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳушдан кетиш каби ҳолатлар кузатилиши мумкин.
Бундай кунларда нима тановул қилган маъқул? Кўп миқдорда сув ичиш организмнинг яхши ишлашига ва сув-туз балансини меъёрлаштиришга ёрдам беради. Аммо бунда организмнинг сув танқислигини тўлдириш учун газланган ёки нектар сув эмас, аксинча, оддий ичимлик сувини истеъмол қилиш керак. Шунингдек, иссиқ кунда ёғли гўшт маҳсулотлари истеъмолини камайтириб, енгил ҳазм бўлувчи таомлар истеъмолини кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, мева ва сабзавотлар ҳам организмда яхши сингиб, ички аъзолар фаолиятини нормаллаштиришга ёрдам беради.
Қандай кийиниш керак? Ёз кунлари табиий матодан тикилган, ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган оч рангли кийимлар ҳамда кенг тикилган кийимларни танлаш мақсадга мувофиқ. Чунки улар терини нафас олишига имкон яратади ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиб кетишига тўсқинлик қилади. Юқорида таъкидланганидек, бош кийим ҳам кийиб олиш керак.
Туш пайти, соат 12:00 ва 16:00 оралиғида имкон қадар ташқарига чиқмаган маъқул.
Яшанба куни айрим ҳудудларда кучли шамоллар кузатилишидан олдин атмосфера босимининг кескин ўзгариши билан боғлиқ «барик тубсизлик» ҳодисасининг кучсиз кўриниши бўлиши мумкин. Атмосфера босимининг кескин ўзгаришига мойил кишилар ўз саломатлигида ўзгаришлар сезса, аввалги материаллардаги тавсияларга амал қилишлари мақсадга мувофиқ.
Биоиқлимий шароитлар
Ҳафтанинг кундузги муддатларида, ҳатто айрим кунлари кечаси ҳам аҳоли жуда иссиқ ва дим ҳаво билан тўқнашади. Тонгги муддатлардаги қисқа муддатли салқинликни инобатга олмаса, аҳоли физиологияси сешанбадан якшанбага қадар жуда иссиқ ҳарорат ҳиссиёти билан курашишга мажбур бўлади. Термик депрессия шароитининг фаол босқичларида тунда ҳам ҳарорат юқори ҳис қилиниб, шамолсиз муҳитда намликнинг табиий тунги юқорилаши кишиларда димиқиш ҳолатларини оширади.
Қуйидаги биоиқлимий картада 16 май куни соат 17:00 ҳолатига Африка, Европа ҳамда Осиё мамлакатларининг бир вақтда иссиқликни ҳис қилиш даражаси акс эттирилган. Унда Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятлари аҳолиси экстремал иссиқлик стресcларини қабул қилиши, бошқача айтганда, ана шу вақтда аксар ўзбекистонликлар Африка, Арабистоннинг энг иссиқ ҳудудлари, Покистон, Афғонистон ва Эроннинг айрим ҳудудларидаги жазирамалар остида юрганлар каби иссиқлик муҳитини таналарида ҳис этишлари мумкинлиги кўрсатилган. Тўқ қизил рангли ҳудудлар иссиқликни энг юқори ҳис қилаётган ҳудудлар бўлиб, унинг қаторида Ўзбекистон ҳам тасвирланган.
Космик таъсирлар
Қуёш сиртидаги доғларда Қуёш чақнашлари билан боғлиқ вазият ҳозир бироз беқарор. Шунинг учун ҳафта бошида магнит бўрони қўзғалиши билан боғлиқ «сариқ» хавф кутилмоқда.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам душанба кунидан ташқари ҳафтанинг бошқа иш кунларида «яшил» — хавфсиз даражадаги магнит бўрони кузатилиши келтирилган.
Хурсанд бўлиш мумкин бўлган жойи — айни иссиқлик тўлқинида ушбу космик таъсир бизга «яшил» — хавфсиз муҳитни тақдим этяпти. Акс ҳолда ҳам аномал иссиқлик таъсири, ҳам фаол космик таъсирлар кишилар саломатлиги ва иш фаолиятига сезиларли салбий таъсир кўрсатган бўлур эди.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Жорий ҳафта об-ҳавоси ёзги ҳарорат муҳитини тақдим этгани учун сешанба ва чоршанба кунларидан ташқари жойларда ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ вазият табиий равишда рўй бермайди. Сешанба, чоршанба ва якшанба кунлари эса республиканинг жуда катта қисмда кучли шамол ва унинг ортидан чанг тўзон ва чанг бўронлари кузатилиши мумкин.
Бундай муҳитда зарурат туғилганда, ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.
Шундай қилиб, 12−18 май кунлари иссиқлик тўлқинларининг Ўзбекистонга чуқур таъсири сабаб, об-ҳаво бўйича қулай кунлар мавжуд эмас. Фақат тоғларда тунги ва тонгги муддатлар бундан мустасно.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди