Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси 11−12 май кунлари расмий ташриф билан Эронда бўлди, деб хабар қилди Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.
11 май куни Теҳронда Ўзбекистон ва Эрон ҳукуматлари делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди, унга Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ореф раҳбарлик қилди.
Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш истиқболларини муҳокама қилди, шунингдек, транспорт-логистика соҳасидаги кўп йиллик муаммоларни зудлик билан ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини қайд этди.
Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари саноат кооперациясини ривожлантириш, мамлакатлар ҳудудлари аро алоқаларни фаоллаштириш, илм-фан, таълим, технология ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, шу билан бирга, туризм, маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш муҳим эканини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича қуйидагилар имзоланди:
- Ўзбекистон ва Эрон ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича 2025−2027 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси»
- Имтиёзли савдо битимининг товарлар рўйхатини тасдиқлаш баённомаси
- Ўсимликлар ҳимояси ва карантини соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми
- Ҳалол стандарт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ореф Ўзбекистон-Эрон бизнес форумининг очилишида иштирок этди.
Тадбирда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 500 млн долларга етгани, қўшма корхоналар сони 210 тадан ошгани қайд этилди.
Форумда ҳамкорлик салоҳияти таҳлил қилиниб, янги ўсиш нуқталари белгиланди. 1 млрд долларлик лойиҳалар ва савдо шартномалари портфели шакллантирилди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўз нутқида қатнашчилар эътиборини мамлакатда бизнес муҳитини яхшилаш, хорижий сармоядорларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларига қаратди. Ҳукумат раҳбари эронлик ишбилармонларни Хоразм ва Самарқанд вилоятларидаги саноат зоналари имкониятларидан кенг фойдаланишга таклиф этди.
12 май куни Ўзбекистон делегациясини Эрон президенти Масъуд Пезешкиён қабул қилди.
Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, ҳудудлараро ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда эришилган келишувлар ижросини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Эрон инновациялар ва технологиялар уйига ҳам ташриф буюриб, энергетика, тиббиёт ва фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, IT, қурилиш сингари соҳалардаги илғор маҳсулот ва ишланмалар билан танишди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди