Главная страница » Ўзбекистон шаҳарларида ёзда чўмилиш учун бепул сув ҳавзалари йўқ. Мутасаддилар буни ҳал қила оладими?

Ўзбекистон шаҳарларида ёзда чўмилиш учун бепул сув ҳавзалари йўқ. Мутасаддилар буни ҳал қила оладими?

by EurasiaPluse
0 пікір

Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Ҳудудий ривожланиш бўйича ATLAS консалтинг компанияси асосчиси Александра Ситникова ва ATLAS Global’нинг етакчи таҳлилчиси, тадқиқотлар куратори Елизавета Клочкова «Газета.uz» учун ёзган мақоласида сув ҳавзаларида дам олиш жойларини қандай ташкил этиш мумкинлиги ва улар Ўзбекистон шаҳарларига нима учун зарурлиги ҳақида ҳикоя қилади.

Кўплаб мамлакатлар ва шаҳарлар учун дарёлар маданий тараққиётнинг ўтмиш афсоналарига айланган муҳим элементларидан ҳисобланади ва бугунги кун рамзларини шакллантиради. Мисрда Нил, Россияда Волга, Хитойда Янцзи ва бошқа кўплаб дарёлар ўз мамлакатлари тарихининг ажралмас қисмидир.

Ўзбекистонда ҳам икки муҳим дарё — Амударё ва Сирдарё бор, улар мамлакатда деҳқончилик учун суғориш манбасига айланган, қирғоқлари эса Ипак йўлидан ўтган карвонлар учун воҳа вазифасини ўтаган. Бироқ харитага назар ташласангиз, Ўзбекистоннинг аксарият йирик шаҳарлари дарёлардан узоқда жойлашганини ва атиги 25 фоизга яқин аҳоли пунктлари дарёлар яқинида эканини кўриш мумкин.

Нега шундай?

Манба: WorldAtlas.comМанба: WorldAtlas.com

Дарёлар табиий транспорт артерияси бўлиб хизмат қилган ва шаҳарлар тузилмасини шакллантирган Россия ва Европанинг кўплаб шаҳарларидан фарқли ўлароқ, қурғоқчил иқлим шароитида Марказий Осиёнинг тоғ дарёлари беқарор бўлиб, аҳоли пунктлари учун хавф туғдирган.

Жумладан, Амударё ва Сирдарё кучли тошқинлар, қум бўронлари ва ўзгарувчан ўзани туфайли доим ҳам яшаш учун қулай бўлмаган. Марказий Осиёнинг энг йирик дарёси бўлган Амударё ўзининг нотинч суви туфайли ҳатто «Жайҳун», яъни «Қутурган» номини олган.

Натижада шаҳарлар дарёдан узоқроқда ёки тинчроқ дарёлар бўйида қурилган. Тоза сув билан таъминлаш учун эса мураккаб муҳандислик ечимлари ишлаб чиқилган, хусусан, каналлар, ариқлар ва ҳовузлар, асосан, Ўзбекистон шаҳарларининг ўзига хос шаҳарсозлик муҳитининг шаклланишига таъсир кўрсатган.

Ўзига хос меъморчилик ва касблар

Марказлашган сув қувури (водопровод) ўтказилгунга қадар сув танқислиги сув таъминоти билан боғлиқ — сувни сақлаш ва тақсимлашга мўлжалланган — ўзига хос касблар ва махсус меъморчиликни шакллантирган. Шаҳарларда тош деворли ва зинапоя ёрдамида тушиладиган сунъий сув ҳавзалари — ҳовузлар кенг тарқалган бўлиб, уларда ариқларда сув келмай қоладиган вақт учун сув заҳираси тўпланган, овқат тайёрлаш ҳамда ичиш учун яроқли ҳолга келтириш мақсадида тиндирилган.

Ҳовузлар нафақат рўзғорда асқатган, балки иссиқда жон сақлаш масканига ҳам айланган. Ҳовузлар атрофига тупроқни мустаҳкамлаш мақсадида дарахтлар экилган, уларнинг шоҳ-шаббалари сув ҳавзаси қирғоғига соя ташлаб турган. Қирғоқларга одамлар хордиқ чиқариши учун гиламлар тўшаб қўйилган ва яқин атрофда, одатда, чойхона бўлган. Лекин сувнинг туриб қолиши бактерияларнинг кўпайиши ва касаллик тарқалишига олиб келган.

Сув қувурлари пайдо бўлгач, кўплаб ҳовузлар эпидемияларнинг олдини олиш мақсадида қуритилган. Дастлаб уларнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш ва кейинчалик яна сув билан тўлдириш режалаштирилган эди, бироқ тош деворлар қурилиш эҳтиёжлари учун бузиб ташланди. Натижада бу ноёб иншоотлар йўқолиб кетди — масалан, Бухорода 114 та ҳовуздан фақат учтаси сақланиб қолган.

Бухородаги Лаби Ҳовуз.Бухородаги Лаби Ҳовуз.

Шаҳарларда қўлланилган иккинчи муҳим муҳандислик иншооти — маиший эҳтиёжлар ва деҳқончилик мақсадларида дарёлардан шаҳарларга ўтказилган каналлар ва ариқлар эди. Бунда сув тақсимоти қатъий тартибга солинган ва сувдан фойдаланиш навбати назорат қилинган. Ҳамма нарсани махсус кишилар, «дарё ва каналларнинг қўриқчилари» — ариқ оқсоқоллари назорат қилиб турган. Уларнинг қўл остида ариқларнинг алоҳида тармоқларини назорат қилувчи мироблар ишлаган. Бу касблар Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам кенг тарқалган бўлиб, кўпчилик айнан Тошкентга келиб, маҳаллий мутахассислардан таълим олган.

Октябрь инқилобидан кейин бу лавозимлар тугатилиб, шаҳарларга марказлашган сув қувурлари — халқ тилида айтганда, водопроводлар ўтказилди. Водопроводнинг мавжудлиги сувни сақлаш учун махсус иншоотларга бўлган эҳтиёжни камайтирди ва бундай касбларнинг ўзи ҳам керак бўлмай қолди. Бироқ сўнгги пайтларда Марказий Осиёнинг турли шаҳарларида, масалан, Чимкентда маҳаллий дарёларнинг ҳолатини кузатиб бориш учун ариқ оқсоқолларини қайтариш ташаббуслари пайдо бўлмоқда.

Тошкент харитасига қарасангиз, бутун шаҳар бўйлаб ҳозирги кунгача фаолият юритаётган каналлар тармоғини кўриш мумкин:

atlas, дарёлар, одамлар учун шаҳар, чўмилиш жойлари

Бироқ қаровсизлик ва босқичма-босқич тартибсиз қурилишлар туфайли ариқлар тармоғининг яхлитлиги бузилди. Кўчалар бўйлаб ҳали ҳам ариқларни учратиш мумкин, лекин уларнинг кўпи бузиб ташланган ёки чиқинди билан тўла. Ариқлар тармоғини нима қилиш керак, деган савол шаҳар учун ҳали ҳам очиқлигича қолмоқда. Бир томондан, бу шаҳарнинг бетакрор ландшафтини яратадиган ноёб иншоот ва тарихий мероснинг бир қисми бўлса, иккинчи томондан, инвестиция ва доимий қўллаб-қувватлашни талаб қиладиган мураккаб суғориш тизимидир.

Сув бўйида хордиқ чиқаришга бўлган талаб

Водопровод шаҳарликларнинг тоза ичимлик сувига бўлган асосий эҳтиёжларини қоплаш ва ерларни суғориш учун ресурсларни таъминлаш имконини берди, бироқ иссиқ иқлимда сув бўйида жойлашган дам олиш зоналарига бўлган талаб барибир сақланиб қолди. Сув бўйида жойлашган катта дам олиш зоналарининг фойдаси ва чучук сув тўплаш заруратини англаган ҳолда, 1940 йилларнинг иккинчи ярмида Тошкентда шаҳарликлар чўмилиши ва ёзда дам олиши учун иккита сунъий кўл қазилди — Бўзсув каналидаги Ғалаба боғи ва Анҳор канали сувини тўйинтирувчи Комсомол кўли. Ушбу сув ҳавзаларини яратишда шаҳар аҳолиси ҳам фаол қатнашган.

Бугунги кунда сув бўйида дам олишга бўлган талаб сақланиб қоляпти, бироқ сўнгги ўн йилликларда инфратузилма сезиларли даражада қисқарди, шаҳарда каналлар ёки сунъий кўлларнинг очиқ сув ҳавзаларида бепул чўмилиш жойлари деярли қолмади. Шаҳар аҳли доимий равишда тақиқланган жойларда, масалан, Анҳор каналида тартибсиз пляжлар ташкил этади. Бизнес эса, ўз навбатида, иссиқ мавсумда чўмилиш имкониятини тақдим этиш учун барча чораларни кўряпти — очиқ бассейнлар ва аквапарклар қурмоқда. Бироқ бу жазирамада табиий салқинланиш ва табиат билан бевосита алоқа қилиб, хордиқ чиқаришга бўлган кенг қамровли эҳтиёжни тўлиқ қондирмайди.

atlas, дарёлар, одамлар учун шаҳар, чўмилиш жойлари

Очиқ сув ҳавзасига эга кўкаламзорлаштирилган майдонлар шаҳарликлар учун чўмилиш ва сув бўйида дам олиш имконини берибгина қолмай, шаҳарнинг турли ҳудудларидаги микроиқлимга ижобий таъсир кўрсатиб, иссиқлик ороли таъсирини камайтиради. Масалан, Тошкент шаҳрининг 85 фоиз ҳудуди иссиқ мавсумда меъёридан ортиқ қизиб кетади. Биз геотаҳлил ўтказиб, боғлар ҳудудида, Чирчиқ дарёси водийсида ва каналлар бўйида қизиш шиддати унчалик юқори эмаслигини аниқладик.

Ўзбекистон шаҳарлари каналлар ва дарёларнинг рекреацион салоҳиятини қандай кучайтириши ва шаҳарликларнинг сувга бўлган ҳуқуқини қандай тиклаши мумкин?

Соҳилбўйи ҳудудларини ривожлантириш стратегияси. Аввало, шаҳарларга соҳилбўйи ҳудудларини ривожлантириш бўйича комплекс стратегия зарур. Бунда тартибсиз қурилишларга йўл қўймаслик ва қирғоқларни тарқоқ қурилиш майдончаларига айлантирмаслик муҳим. Зоналаштиришда турар жой, тижорат ва дам олиш функциялари ўртасидаги мувозанат сақланиши лозим, шунда қирғоқлар жонли бўлиб, фойдаланиш учун қулайлигини сақлаб қолади.

atlas, дарёлар, одамлар учун шаҳар, чўмилиш жойлари

Сувли-яшил каркас яратиш. Сув мультисенсор муҳитни шакллантиради, яъни инсоннинг барча бешта сезгиси: кўриш, эшитиш, ҳид билиш, сезиш ва ҳатто таъм билишга таъсир кўрсатадиган маконни яратади. Бундай муҳит шаҳарликларнинг руҳий ва жисмоний саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Шу сабабли, дарё ва каналлар бўйлаб жамоат жойларини лойиҳалашда уларни бир-бири билан боғлаш, шаҳарликлар жисмоний фаоллигини ошириш ва сув объектларини уларнинг кундалик йўналишларига киритиш учун сув бўйлаб қулай ва узлуксиз велосипед ва пиёдалар йўлакларини ривожлантириш муҳим.

Сув билан алоқанинг мослашувчан шакллари. Йилнинг иссиқ вақтларида Ўзбекистон шаҳарларида очиқ чўмилиш жойларига бўлган талаб сезиларли ортади. Агар асосий каналларда жамоат пляжлари мавжуд бўлмаса, у ҳолда, масалан, Анҳор, Қорасув, Бўзсув ва бошқа каналларда сузиш хавфсиз бўлган алоҳида тармоқлар ёки оқими назорат қилинадиган лагуналар ташкил этишни кўриб чиқиш мумкин.

Шу билан бирга, аҳоли эҳтиёжларининг хилма-хиллигини ҳисобга олиш ва сув бўйида кўп функцияли майдонлар яратиш муҳим. Барча қирғоқ зоналари учун дарахтларнинг табиий сояси керак. Сув билан чўмилмаган ҳолда алоқада бўлишни истаганлар учун сувга тушиш жойлари, балиқ овлаш учун кўприклар ва томоша майдончаларини ташкил қилиш лозим. Спортчилар, масалан, байдаркачилар учун қирғоққа чиқиш жойлари ва жиҳозларни сақлаш майдончалари зарур.

Шунингдек, мавсумий фаолликни ҳам ҳисобга олиш керак. Сув ҳавзаларидан фойдаланиш кўпинча иссиқ мавсумда чўмилиш билан боғланса-да, Тошкентда чўмилишнинг ноанъанавий қишки шакллари ҳам кенг тарқалган. Масалан, қишда чўмилиш билан шуғулланадиган «моржлар» жамияти: уларга иссиқ кийиниш хоналари ва чўмилишдан кейин тикланиш жойлари зарур.

atlas, дарёлар, одамлар учун шаҳар, чўмилиш жойлари

Сув ҳавзаларидан фаол фойдаланиш сув спорти турларини ва маданий ташаббусларни ривожлантиришга ҳисса қўшиб, қирғоқларни нафақат маҳаллий аҳоли, балки шаҳар меҳмонлари учун ҳам жозибадор нуқтага айлантиради. Шундай қилиб, соҳилбўйи ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳаёт сифатини яхшилаш, иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва уйғун шаҳар муҳитини шакллантириш учун кучли восита бўлиб хизмат қилади.

Дарёлар билан стратегия ва бош режалар даражасида ишлаш лозим. Масалан, Сетун дарёси бўйлаб (Москва дарёсининг ирмоғи) биз сув бўйида дам олиш жойлари, шу жумладан, пиёдалар кўприклари тармоғига эга бўлган дам олиш йўналишини лойиҳалаштирдик. Бу йўналиш Москва маркази ва шаҳар атрофини боғлайди. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш ва бошқариш стратегиясини, шу жумладан, экологик тадбирлар режасини, туристик объектлар ва дам олиш зоналарини ободонлаштириш учун эса бош режа ишлаб чиқдик.

Баъзи шаҳарлар барча сув артериялари учун узоқ муддатли стратегиялар ишлаб чиқмоқда. Масалан, Чикагода шаҳар дарёларининг 30 йиллик истиқболдаги қиёфаси бўйича стратегик дастур — Great Rivers Chicago мавжуд. Асосий мақсад — шаҳар дарёларини жозибадор, самарали ва «жонли» қилишдир.

Ҳар бир йўналиш учун муддатлар, воситалар ва асосий иштирокчилар белгилаб қўйилган. Бундай комплекс чора-тадбирлар Ўзбекистон учун ҳам долзарб бўлиб, бунда контекст ва ўзига хосликни ҳисобга олган ҳолда, маҳаллий маданият ва муҳитга мос келадиган дарё билан алоқа ўрнатиш маконларини ташкил этиш шаклларини излаш муҳим. Ободонлаштириш ишларида эса ер усти оқимини тозалаш бўйича экологик барқарор ечимлар, қирғоқларни мустаҳкамлаш учун биоечимлар, жумладан, юмшоқ муҳандислик усуллари — габионлардан ғовакли деворлар қуриш, ўсимликлар экиш, сувли-ботқоқли ҳудудларни шакллантириш каби усуллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Дарёлар ва сув ҳавзалари Ўзбекистон тарихи билан чамбарчас боғлиқ — қадимда одамлар тошқин сувлардан «қочишга» интилган бўлса, бугунги кунда шаҳарликларнинг «сувга бўлган ҳуқуқи»ни қайтариш талаби пайдо бўлмоқда. Тошкент шаҳри ва бошқа аҳоли пунктлари аҳолиси учун сувдан хавфсиз ва қулай фойдаланишни қандай таъминлаш мумкин — бу бизнес ва ҳокимият органлари яқин келажакда ечим топиши зарур бўлган масала ҳисобланади. Зеро, сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, сув билан экологик муносабатлар шаҳар аҳолисининг ҳаёт сифатини, уларнинг ҳиссий ва жисмоний саломатлигини яхшилайди.

Муаллифлар фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Source link

Фото: gazeta.uz сайтидан олинди

Қазір оқылып жатыр

EurasiaPluse.kz

Ел іші-сыртындағы өзекті жаңалықтар, сараптамалар, саяси және қоғамдық пікірлер

Соңғы жазбалар

@2025 – Барлық құқықтары қорғалған. EurasiaPluse.kz