Главная страница » Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 148-ўринда қолди

Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 148-ўринда қолди

by EurasiaPluse
0 пікір

Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти матбуот эркинлигининг йиллик рейтингини (2025 World Press Freedom Index) эълон қилди.

Ўзбекистон, ўтган йилгидек, рейтингда 180 та давлат орасида 148-ўринни эгаллади, бироқ мамлакатнинг умумий рейтинг бали 37.27 дан 35.24 гача пасайди. Пасайиш барча кўрсаткичлар бўйича қайд этилди: сиёсий кўрсаткичдан тортиб ижтимоий кўрсаткичгача.

Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳамон «жуда мураккаб» деб баҳоланмоқда. «2016 йилда президент Ислом Каримов вафотидан кейин ОАВ учун вазият деярли яхшиланмади… Кам сонли мустақил журналистлар қатағонлар муҳитида ишлаяпти, ҳокимият эса блогерларни оммавий равишда сотиб олишга ҳаракат қилмоқда», — дея таъкидлайди «Чегара билмас мухбирлар».

Ҳисоботда айтилишича, Европа ва Марказий Осиёдаги мустақил оммавий ахборот воситалари Америка қўллаб-қувватлашининг кескин тўхташи ва Россия ташвиқотининг кучайиши фонида «мисли кўрилмаган иқтисодий инқироз»га дуч келмоқда.

«Озод Европа/Озодлик радиоси» (RFE/RL) ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг молиялаштирилишдан тўхтатилиши шундоқ ҳам заиф секторни, айниқса, авторитар режимлар, коррупция ёки урушга дуч келган мамлакатларда янада заифлаштирди», — деб ҳисоблайди «Чегара билмас мухбирлар».

Рейтингда МДҲнинг бошқа давлатлари ўрни

  • Озарбайжон — 167
  • Арманистон — 34
  • Беларусь — 166
  • Қозоғистон — 141
  • Қирғизистон — 144
  • Молдова — 35
  • Россия — 171
  • Тожикистон — 153
  • Туркманистон — 174.

Дунё бўйлаб

Биринчи марта бутун дунёда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият «мураккаб» бўлди, дея таъкидлайди «Чегара билмас мухбирлар». Индекс натижалари 10 йилдан ортиқ вақт давомида ёмонлашди ва 2025 йилда янги қизил чизиқдан ўтилди: барча мамлакатлар бўйича ўртача балл 55 баллдан пастга тушди.

«Рейтингни тузиш тарихида биринчи марта дунё мамлакатларининг ярмида журналист фаолияти учун шароитлар ёмон, ҳар тўрттадан бирида эса қониқарли бўлди», — дейилади ҳисоботда.

«Чегара билмас мухбирлар», шунингдек, журналистларга нисбатан жисмоний зўравонлик матбуот эркинлигига тажовуз қилишнинг энг кўзга кўринган шакли бўлиб қолаётган бўлса-да, иқтисодий босим ҳам ундан кам бўлмаган жиддий таҳдид эканини таъкидлади.

«Мулк концентрацияси, реклама берувчилар ёки ҳомийларнинг босими, давлат маблағларининг йўқлиги, чекланиши ёки шаффоф бўлмаган тақсимланиши… Оммавий ахборот воситалари бугунги кунда таҳририят мустақиллиги кафолати ва иқтисодий омон қолиш ўртасида қолди», — дейилади ҳисоботда.

«Чегара билмас мухбирлар» маълумотларига кўра, рейтингдаги 180 мамлакатдан 160 тасида ОАВ молиявий барқарорликка эриша олмаяпти, дунё мамлакатларининг деярли учдан бирида эса янгиликлар ОАВ сурункали иқтисодий қийинчиликлар туфайли ёпилмоқда.

Матбуот эркинлиги рейтингида Норвегия кўп йиллар кетма-кет етакчи бўлиб келмоқда. Кейинги ўринларни Эстония, Нидерландия, Швеция ва Финляндия эгаллади.

Рўйхатнинг сўнгги ўринларида Хитой, Шимолий Корея ва Эритрея жойлашган.

АҚШ 57-ўринда, Буюк Британия 20-ўринда, Франция 25-ўринда, Германия 11-ўринда қайд этилган.

Source link

Фото: gazeta.uz сайтидан олинди

Қазір оқылып жатыр

EurasiaPluse.kz

Ел іші-сыртындағы өзекті жаңалықтар, сараптамалар, саяси және қоғамдық пікірлер

Соңғы жазбалар

@2025 – Барлық құқықтары қорғалған. EurasiaPluse.kz