Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Афғонистон фермерлари ва аграр тузилмаларига беғараз ёрдам тариқасида 26 тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги уруғларини етказиб берди. Улар орасида сертификатланган чигит, шоли, мош ва юқори сифатли полиз экинлари уруғлари бор.
Ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Афғонистон фермерлари ва аграр тузилмаларига беғараз ёрдам тариқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилди, дея хабар бермоқда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Қайд этилишича, ёрдам таркибида 200 гектар ер учун об-ҳаво шароитларига чидамли, сертификатланган 5 тонна чигит, 100 гектар майдон учун 20 тонна шоли, 25 гектар ер учун 500 кг мош, шунингдек, 187 кг сабзавот уруғлари ва 600 кг полиз экинларининг сараланган, юқори сифатли уруғлари бор.
Мазкур амалий ёрдам Афғонистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолиси бандлигини ошириш ҳамда аграр соҳада инновацияларни жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
«Ўзбекистон — Афғонистон ўртасидаги аграр ҳамкорлик бугунги кунда минтақавий барқарорлик ва иқтисодий тараққиётга хизмат қилмоқда. Бу эса қўшничилик тамойиллари ва умуминсоний қадриятларга асосланган муносабатларнинг амалий ифодасидир», — дейилади вазирлик хабарида.
Яқинда Афғонистон ислом республикаси Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистонга ташриф буюриб, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги аграр корхоналар, агрокластерлар ва илмий-тадқиқот марказлари фаолияти билан танишган.
Март ойида президент топшириғига мувофиқ, Наврўз байрами ва яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити муносабати билан Афғонистонга қарийб 200 тонна инсонпарварлик ёрдами юборилганди. Юк таркибидан ун, буғдой, макарон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи ва шакар кабилар ўрин олган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди