Шуҳрат Абдужалилович Боймурадов Янги ташкил этилаётган Тошкент давлат тиббиёт университетига ректор тайинланди, деб хабар берди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.

Шуҳрат Боймурадов бунгача Тошкент тиббиёт академиясида ўқув ишлари бўйича проректор лавозимида ишлаб келган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг тегишли қарори билан Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институти ўрнида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилмоқда. Дарслар 2025/2026 ўқув йилидан бошланади, уч ОТМ талабалари ўқишини янги университетда давом эттиради ва унинг дипломини олади.

Университет тиббиёт соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича етакчи олий таълим муассасаси бўлади.

2025/2026 ўқув йилидан магистратурада босқичма-босқич хорижий тилларда ўқитиладиган алоҳида гуруҳлар ташкил этади.

Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасалари университет талабалари учун клиник амалиёт базалари этиб белгиланади.

Университет тузилмасида ҳомийлик хайриялари ҳисобидан тўлдириладиган Тошкент давлат тиббиёт университетини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.