Украина ва Европа давлатлари АҚШнинг урушни тугатиш бўйича тинчлик режасига қарши таклифларини илгари сурди. Европа-Украина режаси Киевга анча аниқроқ хавфсизлик кафолатларини тақдим этади ва Россия билан ҳудудий муҳокамаларни якуний сулҳга қолдиради.
Reuters агентлиги Украинадаги урушни тугатиш таклифлари акс этган ҳужжатлар матнларини чоп этди. Улардан биринчиси АҚШ томонидан 17 апрель куни Парижда Европа ва Украина делегациялари билан бўлиб ўтган музокараларда тақдим этилган. Иккинчи ҳужжатда Украина ва Европа расмийлари 23 апрель куни Лондондаги музокаралар чоғида Америка томонига тақдим этган қарши таклифлар киритилган.
Икки матндаги асосий фарқлар ҳудудий масалаларни ҳал қилиш кетма-кетлиги, Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш, хавфсизлик кафолатлари ва Украинадаги қуролли кучлар сонига тааллуқли, дея қайд этади Reuters.
АҚШ режаси, аввалроқ хабар қилинганидек, Россиянинг Қрим устидан де-юре назоратини тан олиш, ҳозирги фронт чизиғини музлатиш, Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш ва Украина учун «ишончли хавфсизлик кафолати»ни ўз ичига олади.
Европа-Украина режаси ҳудудлар бўйича муҳокамаларни ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилгунга қадар қолдиришни назарда тутади. Ҳужжатда, шунингдек, Украинанинг бирон бир ҳудуди устидан Россия назоратини тан олиш ҳақида ҳеч қандай банд йўқ.
Сулҳ:
- Доимий сулҳ.
- Иккала томон ҳам дарҳол шартномани техник жиҳатдан амалга ошириш бўйича музокараларга киришади.
Украина учун хавфсизлик кафолати:
- Украина ишончли хавфсизлик кафолатларини олади.
- Кафил давлатлар Европа ва ноевропа давлатлар иштирокида махсус гуруҳ тузади.
- Украина НАТОга киришга интилмайди.
- Украина ЕИга аъзо бўлишга уриниши мумкин.
Ҳудудлар:
- АҚШ Қрим устидан Россия назоратини де-юре тан олади.
- АҚШ Россиянинг Луганск вилояти устидан назоратини де-факто тан олади.
- АҚШ Запорожье, Донецк ва Херсон вилоятларининг Россия назоратидаги қисмларини де-факто тан олади.
- Украина Харков вилоятидаги ўз ҳудудларини қайтариб олади.
- Украина Запорожье АЭСи устидан назоратни қайтариб олади, аммо станция АҚШ назорати ва бошқаруви остида бўлади, электр энергияси ҳар икки томонга тақсимланади.
- Украина Днепр бўйлаб тўсиқсиз ўтишдан фойдаланади ва Кинбурн қўлтиғини назорат қилади.
Иқтисодиёт:
- АҚШ ва Украина минерал ресурслар соҳасида иқтисодий ҳамкорликни амалга оширади.
- Украина тўлиқ тикланади ва молиявий товон олади.
- 2014 йилдан бери ушбу можаро натижасида Россияга қарши жорий қилинган санкциялар бекор қилинади.
- АҚШ-Россия иқтисодий ҳамкорлиги энергетика ва бошқа саноат тармоқларида қайта тикланади.
Сулҳ:
- Осмонда, қуруқликда ва денгизда тўлиқ ва сўзсиз сулҳ мажбурияти.
- Ҳар икки томон зудлик билан АҚШ ва Европа давлатлари иштирокида келишувни техник амалга ошириш бўйича музокараларга киришади. Бу тўлиқ тинчлик битими учун шарт-шароитларни тайёрлаш билан параллел равишда содир бўлади.
- АҚШ етакчилигида ва учинчи давлатлар кўмагида сулҳ режимини кузатиш.
- Россия барча депортация қилинган ва ноқонуний кўчирилган украиналик болаларни сўзсиз қайтариши керак. Барча ҳарбий асирларни алмашиш («ҳамма ҳамма учун» тамойили бўйича). Россия барча тинч маҳбусларни озод қилиши керак.
Украина учун хавфсизлик кафолатлари:
- Украина, шу жумладан, АҚШдан ишончли хавфсизлик кафолатларини олади (НАТО шартномасининг 5-моддасига ўхшаш келишув), НАТОга аъзолик бўйича иттифоқчилар ўртасида консенсус йўқ.
- Украина қуролли кучлари учун ҳеч қандай чекловлар йўқ.
- Кафил давлатлар Европа ва кўнгилли ноевропа давлатларнинг махсус гуруҳи бўлади. Украина ҳудудида дўстона хорижий кучларнинг мавжудлиги, қуролланиши ва операциялари бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ.
- Украина ЕИга аъзо бўлишга интилади.
Ҳудуд:
- Ҳудудий масалалар тўлиқ ва сўзсиз сулҳдан кейин муҳокама қилинади ва ҳал қилинади.
- Назорат чизиғи асосида ҳудудий музокаралар бошланади.
- Украина АҚШ иштирокида Запорожье АЭСи, шунингдек, Каховка ГЭСи устидан назоратни қайта тиклайди.
- Украина Днепр дарёси бўйлаб тўсиқсиз ўтиш ва Кинбурн қўлтиғи устидан назорат қилиш имкониятига эга.
Иқтисодиёт:
- АҚШ ва Украина иқтисодий ҳамкорлик ёки фойдали қазилмалар бўйича келишувни амалга оширади.
- Украина тўлиқ тикланади ва молиявий компенсация олади, шу жумладан, Россия Украинага етказилган зарарни қопламагунча музлатиб қўйилган Россия суверен активлари орқали.
- 2014 йилдан бери АҚШ томонидан Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар барқарор тинчликка эришилгандан сўнг босқичма-босқич юмшатилиши ва тинчлик келишуви бузилган тақдирда тикланиши мумкин.