Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Давлат хизматлари агентлиги хабар қилишича, ушбу қонун билан 13 турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинмоқда. 3 турдаги лицензия хабарнома шаклига ўтказилмоқда.

Жумладан, эндиликда турагентлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш тартиби бекор қилиниб, унинг ўрнига турагентлик фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарнома юбориш тартиби жорий этилади.

Қайд этилишиа, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши лицензия ва рухсат бериш соҳасидаги бюрократик ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси Сенат томонидан маъқулланиб, президент томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий манбаларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади.