Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
1986 йил 26 апрель куни ядро энергетикаси ва умуман инсоният тарихидаги энг даҳшатли техноген фожиалардан бири — Украинадаги Чернобиль атом электр станциясидаги портлаш юз берган эди. Ушбу ҳодиса сабаб бевосита авария билан боғлиқ асоратлар оқибатида расман 50 киши қурбон бўлган дейилади, аммо унинг нафақат бевосита, балки билвосита таъсирлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 4 мингга яқин, дея баҳоланади. Украина, Беларусь ва Россиянинг минглаб квадрат километр ҳудудларидаги экологик, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг қанчалик издан чиққанини, миллионлаб одамларнинг (хусусан, ўзбекистонликларнинг) саломатлиги ва руҳиятига етказилган зарарни қуруқ рақамлар ва статистикалар билан етказиб бериш имконсиздек.
Адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби, журналист Светлана Алексиевич томонидан 1986−2005 йиллар оралиғида ёзилган «Чернобиль таваллоси» китоби шу мавзудаги энг таъсирли асарлардан бири саналади, эҳтимол. Унда оддий одамларнинг ҳаётий ҳикоялари орқали Чернобиль авариясининг инсониятга етказган оғриғи ва даҳшати тасвирланади.
«Газета.uz» фожиага 39 йил бўлгани муносабати билан «Чернобиль таваллоси»дан парчалар келтиради. Асар 2022 йили журналист ва шоир Карим Баҳриев томонидан Аsаxiy Books лойиҳаси доирасида ўзбек тилига ўгирилган.
Бутун ҳаёт ҳақида эшикка ёзилган монолог
Припять шаҳридаги ташландиқ ўрта мактабда суратга олинган қўғирчоқ. Фото: Bloodua
Мен гувоҳлик беришни истайман…
Бу ўшанда, ўн йил олдин юз берган ва мен билан то ҳануз ҳар куни такрорланади. Эндиликда… У ҳамиша мен билан.
Биз Припять шаҳрида яшардик. Бугун бутун дунё биладиган шу шаҳарнинг ўзида турардик. Мен ёзувчи эмасман. Бироқ гувоҳман. Мана у қандай бўлганди… Энг аввалидан…
Яшаяпсан… Оддий инсонсан. Кичкина одам. Худди атрофингдагилар сингари ишга борасан ва уйга қайтасан. Ўртача маош оласан. Йилда бир марта таътилга чиқасан. Рафиқанг, болаларинг бор. Ҳамма қатори одам! Ва бир куни сен дафъатан чернобиллик одамга айланасан. Ғалати кимсага! Шунақасанки, ҳамма сенга қизиқади, лекин қанақалигингни билмайди. Ҳамма қатори бўлгинг келади, аммо энди бунинг иложи йўқ. Бошқалардек бўла олмайсан, аввалги дунёга қайтолмайсан. Сенга бошқача кўз билан қарашади. Саволлар беришади: у ер қўрқинчли эдими? Станция қандай ёнди? Сен нимани кўрдинг? Ва умуман энди бола кўра оласанми? Хотининг кетиб қолмадими?
Дастлабки пайтларда биз ноёб экспонатларга айландик… «Чернобиллик» деган сўзнинг ўзи ҳалигача огоҳлантириш қўнғироғидай жаранглайди… Ҳамма сен томонга ўгирилади… Ўша ердан!
Бу дастлабки кунлардаги ҳис-туйғулар эди… Биз шаҳарни йўқотмадик, бутун ҳаётимизни йўқотдик…
Уйдан учинчи куни кетдик… Реактор олов ичида эди… Эсимга тушди, танишларимиздан кимдир: «Реактор ҳиди келяпти», — деди. Тасвирлаб бўлмас ҳид. Бу ҳақда ҳамма газеталарда ўқиди. Чернобилни даҳшатлар фабрикасига айлантиришди, аслида болалар мультфильмига айлантиришган. Уни тушуниш керак, чунки биз бу билан яшашимиз лозим. Мен фақат ўз билганимни айтаман… Ўз ҳақиқатимни…
Шундай бўлганди… Радио орқали эълон қилишди: мушукларни олиб кетиш мумкин эмас! Улар нурланган. Яхши кўрган мушукчасини йўқотишдан қўрққан қизимнинг кўзи ёшланди ва дудуқлана бошлади. Мушукни жомадонга тиқдик! У жомадонга тушишни истамайди, қочиб чиққиси келади. Ҳаммани тирнаб ташлади. Буюмларни олиш мумкин эмас! Ҳамма буюмларни олмайман, фақат битта буюмни оламан. Фақат биттасини! Уйимизнинг эшигини олиб кетишим керак, уни қолдириб кета олмайман… Ўрнига тахта қоқиб қўярман…
Эшигимиз… Бизнинг туморимиз! Оилавий ёдгорлик. Бу эшикда отам ётган. Бу қанақа одатлигини билмайман (у ҳамма ерда ҳам йўқ), аммо бизда бор, онамнинг айтишича, марҳумни у яшаган уй эшигига ётқизиш керак. То тобутни олиб келгунларича, у шундай ётади. Отамнинг олдида тун бўйи ўтирдим, у мана шу эшикнинг устида ётарди… Уй очиқ қолганди… Тун бўйи… Эшикда пастдан юқорисигача кертик чизиқлар бор… Қандай ўсганимни белгилаб боришган: биринчи синф пайтимда бўйим қаерга етгани, иккинчи синфда. Еттинчи синфда. Ҳарбий хизматга кетиш олдидан… Бу белгилар ёнида ўғлимнинг бўйига қараб ўйилган кертиклар бор… Кейин қизимники… Яъни эшикка худди қадимги папирусларда ёзилгани каби бутун ҳаётимиз белгиланган. Уни қандай қолдира оламан?
Машинаси бор қўшнимдан «Ёрдам бер!» деб сўрадим. У, дўстим, эс-ҳушинг ўзингда эмас, шекилли, дегандек бошимга имо қилди. Лекин эшикни олиб чиқиб кетдим… Тунда… Мототциклда… Ўрмон орқали… Икки йилдан кейин, уйимизни ўмариб, шип-шийдам қилиб кетиб бўлишганидан сўнг.
Ортимдан милиция қувди: «Отиб ташлаймиз! Отамиз!». Албатта, улар мени ўғри деб ўйлашган. Ўз уйимнинг эшигини ўғирладим…
…Хотиним ва қизимни касалхонага жўнатдим. Уларнинг баданида қора доғлар ёйила бошлади. Гоҳ пайдо бўлади, гоҳида йўқолади. Беш тийинлик тангачадай… Ҳеч ери оғримайди… Уларни текширишди. Сўрадим:
— Айтинг, текширув натижаси нима бўлди?
— Сиз учун эмас бу натижалар.
— Ким учун унда?
Атрофдаги ҳамма бир гапни айтарди: ўламиз-кетамиз…
Икки мингинчи йилгача белоруслар йўқ бўлади. Қизчам энди олтига тўлганди. Айнан ҳалокат юз берган куни тўлганди. Уни ухлашга ётқизаман, қизим қулоғимга шивирлайди: «Дада, яшашни истайман, ҳали кичкинаман-ку». Уни бола, ҳали ҳеч нарсани тушунмайди, деб ўйлардим… У эса болалар боғчасидаги энагани ёки ошхонасидаги ошпазни оқ халатда кўрса, жазавага тушарди: «Касалхонага боришни истамайман! Ўлишни хоҳламайман!». Оқ рангни кўрса, чидай олмасди. Ҳатто янги уйимиздаги оқ пардаларни ҳам алмаштирдик.
Сиз бир вақтнинг ўзида сочи калга олинган еттита қизчани тасаввур қила оласизми? Улар битта палатада еттита эди… Йўқ, етарли! Гапимни тугатаман! Ҳикоя қилиб берарканман, юрагим бир туйғу пайдо бўлганини шипшитяпти — сен сотқинлик қиляпсан. Чунки уни бегона сифатида тавсифлашим керак… Унинг азобларини… Хотиним касалхонадан келгач, чидай олмади: «Бунақа азоблардан кўра, ўлгани яхшийди. Ё уни бу аҳволда кўрмаслик учун, қанийди, ўзим ўлсам…». Йўқ, етади! Бас қиламан! Гапирадиган аҳволда эмасман. Йўқ!
Қизимни ҳам эшикка ётқиздик… Қачондир отамнинг жасади ётган ўша эшикка. То кичкина тобутчани олиб келгунларича… Тобут кичкина эди, каттароқ қўғирчоқни соладиган қутичага ўхшарди. Қутичадай…
Мен гувоҳлик беришни истайман — қизим Чернобиль туфайли ўлди. Биздан эса жим ўтиришимизни хоҳлашяпти. Эмишки, ҳали фан буни тасдиқламаган, маълумотлар базаси йўқ. Юз йиллаб кутиш керак. Лекин менинг инсон сифатидаги ҳаётим… Умрим бундан оз-ку!.. Бунча вақт кутиб тура олмайман. Ёзиб олинг… Ҳеч бўлмаса, сиз ёзинг: қизимнинг исми Катя эди… Катюшенка… Етти ёшида ўлди…
Николай Фомич Калугин, ота
Барибир севиладиган мажруҳ ҳақида монолог
Фото: Дармон Ричтер / FUEL Publishing
Тортинманг… Сўрайверинг… Биз ҳақимизда шунчалар кўп ёзишдики, биз ўрганиб қолдик. Бошқа гал газетани дастхат билан ҳам жўнатишади. Бироқ уларни ўқимайман. Бизни ким ҳам тушунарди. Англаш учун бу ерда яшаш керак…
Яқинда қизим: «Она, мабодо бадбашара, мажруҳ бола туғсам ҳам, уни барибир яхши кўравераман!», деди. Тасаввур қиляпсизми?! 10-синфда ўқийдию, аллақачон шунақа фикрларга боради. Унинг дугоналари… Уларнинг бари шу ҳақда ўйлайди… Танишларимиздан бирида ўғил туғилди… Роса кутишганди, биринчи фарзанд. Чиройли ёш жуфтлик. Боланинг оғзи қулоққача, битта қулоғи эса умуман йўқ… Уларникига аввалгидай боравермайман. Кучим етмайди… Қизим эса ундай эмас, уларникига чопади. Нимадир уни ўша ёққа тортаверади, балки болага қараётгандир, балки ўзини ҳам шунга тайёрлаётгандир… Мен эса бунга қодир эмасман…
Бу ердан кетишимиз мумкин эди, лекин эрим билан яхшилаб ўйлаб кўриб, кетишдан бош тортдик. Бошқалардан ҳайиқамиз. Бу ерда эса барчамиз чернобилликлармиз. Бир-биримиздан қўрқмаймиз, агар кимдир ўз томорқасидан чиққан олма ёки бодринглар билан меҳмон қилса, тортинмаймиз, оламиз ва еймиз, кейин ташлаб юбориш учун уялиб чўнтакка, сумкамизга солмаймиз. Биз — бир хотира эгаларимиз… Бир тақдир соҳибларимиз… Ҳамма ерда, бошқа ҳар қандай ерда эса бегоналармиз. Бизга қўрқув билан… кўз қирини ташлашади… Ҳамма «чернобилчилар»,»Чернобиль болалари», «Чернобилдан кўчирилганлар» деган сўзларга кўникди… Чернобиль… Энди бутун ҳаётимизга қўшилган сўз. Аммо сиз биз ҳақимизда ҳеч нима билмайсиз. Биздан қўрқасиз… Қочасиз… Эҳтимол, бизни бу ердан чиқаришмаса, милиция қуршовида сақлашса, аксариятингиз хотиржам бўлардингиз (тўхтайди). Менга ҳеч нарсани исботлашга ҳаракат қилманг… Ишонтирманг! Буни биринчи кунларданоқ билганман ва бошдан ўтказганман…
Қизимни олдим ва Минскка томон чопдим, опамникига… Қондош опам бизни қабул қилмади, уйига киритмади, чунки унинг ёш боласи, эмизикли гўдаги бор эди. Бунақасини энг даҳшатли тушда ҳам тасаввур қилмаган, тўқиб чиқармаган бўлардим!
Ва биз тунни вокзалда ўтказдик. Мияга телбавор фикрлар келади… Қаерга қочайлик? Эҳтимол, азобланмаслик учун ўзимизни ўлдириб қўя қолганимиз яхшироқдир… Бу ахир илк кунлар эди… Ҳамма кўз олдига қанақадир даҳшатли касалликларни келтирарди. Тасаввурга сиғмайдиган дардларни. Мен эса шифокорман. Бошқаларнинг кўнглида нималар кечганини фақат тахмин қилиш мумкин… Миш-мишлар ҳамиша ҳар қандай ҳаққоний ахборотдан кўра қўрқинчлироқдир. Ҳар қандай! Болаларимизга қарайман: улар қаерга борсалар ҳам, ўзларини таҳқирлангандек ҳис этишади. Тирик алвастидай бўладилар… Мазах, масхара нишонлари… Бир йили қизим дам олгани борган пионер лагерида «Чернобиль тиллақўнғизи. Қоронғида нур таратади» деб, унга яқинлашишга қўрқишаркан. Кечқурун ҳовлига, текшириб кўришга чақиришибди: нур сочадими ёки сочмайдими? Бошида нурли гардиши йўқмикан…
Мана, айтишади — уруш… Ҳарбий авлод… Қиёслашади… Ҳарбий авлод? Ҳа, бу бахтли авлод! Уларда ғалаба бор эди. Улар зафар қозонганлар! Бу уларга ҳаёт учун зўр қувват, бугунги сўзлар билан айтганда, омон қолиш учун маънавий куч-қудрат берган. Улар ҳеч нарсадан қўрқмасдилар.
Яшашни, ўқишни, фарзандлар туғишни хоҳлаганлар. Биз-чи? Биз ҳамма нарсадан қўрқамиз… Болалар учун қўрқамиз… Ҳали туғилмаган набираларимиз учун ҳам… Улар йўқ, биз эса ҳозирдан қўрқяпмиз… Одамлар деярли кулмайди, аввал байрамларда куйлашганидек қўшиқ айтмайди. Далалар ўрнида яна ўрмонлар, буталар пайдо бўлиши билан нафақат манзара ўзгаряпти, балки миллий хулқ-атвор ҳам ўзгаряпти. Ҳаммада тушкунлик… Маҳкумлик ҳисси… Ким учундир Чернобиль — метафора, истиора. Шиор. Бу ерда эса — бизнинг ҳаётимиз. Шунчаки ҳаёт.
Баъзида, яхшиси, биз ҳақимизда ёзмасалар дуруст бўларди, деб ўйлаб қоламан. Четдан кузатмасалар эди… Ташхис қўймасалар эди: радиофобия ёки яна нимадир, бошқалардан ажратмасалар эди. Биздан одамлар камроқ қўрқарди. Ахир саратонга чалинган одам хонадонида унинг даҳшатли касаллиги ҳақида гапирилмайди-ку. Умрбод қамалган маҳбус хонасида қамоқ муддати ҳақида сўзланмайди… (жим қолади). Шунча гапириб ташладим, билмайман, сизга булар керакми-йўқми… (сўрайди). Дастурхон ёзайми… Тушлик қиламизми? Ёки қўрқасизми? Ростини айтаверинг, хафа бўлмай қўйганмиз. Биз ҳаммасини кўрдик. Олдимга бир мухбир келди… Кўриб турибман: чанқаган. Унга кружкада сув келтирдим, у эса халтасидан ўзининг сувини чиқарди. Минерал сувини. У уяляпти… Ўзини оқламоқчи бўляпти… Гапимиз, албатта, қовушмади, унга самимий бўлолмадим. Мен ахир робот ёки компьютер эмасман. Темир эмасман! У ўзининг минерал сувини ичди, идишимга тегишга қўрқди, мен эса унга қалбимни тўкиб солайми… Дилимни очайми…
(Дастурхон атрофида ўтирдик. Тушлик қиляпмиз. Турли нарсалар ҳақида гаплашяпмиз. Ва…) Кеча тунда йиғлаб ўтирдим… Эрим эслади: «Сен шунчалар гўзал эдинг». У нима демоқчилигини биламан…
Ўзимни ойнада кўраман… Ҳар куни эрталаб… Одамлар бу ерда тез қарийди, ёшим қирқда, лекин қараб олтмиш ёш деб ўйлайсиз. Шунинг учун қизлар ҳам турмушга чиқишга шошяпти. Ёшликка ачинасан, уларда бу давр қисқа (жаҳли чиқа бошлайди). Қани, Чернобиль ҳақида нима биласиз? Нимани ёзиш мумкин? Кечирасизу… (жимиб қолади).
Қалбимни қандай ёзиш мумкин? Ҳатто ўзим ҳам уни ҳамиша ўқимасам…
Надежда Афанасьевна Буракова, Хойники посёлкаси вакили
Кўҳна кароматлар ҳақида монолог
Эвакуация қилинган аҳоли уй ҳайвонлари, кийим-кечак, мебель ва эсдалик буюмлари, болалар эса ўз ўйинчоқларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Фото: Алексей / Adobe Stock
Менинг қизалоғим… У бошқаларга ўхшамайди… У катта бўлади ва мендан: «Нега бошқаларга ўхшамайман?», деб сўрайди.
У туғилганда… Бу гўдак эмасди, ҳамма томони иплар билан тикилган, кўзидан бошқа бирор тирқиши бўлмаган тирик халтача эди. Тиббий картасида: «Анус аплазияси, қин аплазияси, чап буйрак аплазияси каби кўплаб патологиялар мажмуи билан туғилган қиз», деб ёзилган. Илмий тилда шундай эшитилади, ўзимизнинг оддий тилда эса: олди ҳам, кети ҳам йўқ, фақат битта буйраги бор… Уни иккинчи кундан жарроҳлик амалиётига олиб бордим, ҳаётининг иккинчи кунидан… У кўзчаларини очди, гўё кулаётгандай эди, мен эса аввалига у йиғлашни истаяпти деб ўйлагандим…
Оҳ, Худойим, у куларди! Унга ўхшаган болалар узоқ яшамайди, тезда вафот этади. Қизим ўлмади, чунки мен уни севардим. Тўрт йилда тўртта жарроҳлик амалиёти. У Беларусда бундай патологиядан кейин яшаб қолган ягона гўдак. Уни жуда яхши кўраман (тўхтаб қолади). Мен бошқа туға олмайман. Журъатим етмайди. Туғуруқхонадан қайтдим: эрим кечаси ўпса, титраб кетаман — бизга мумкин эмас… Гуноҳ… Даҳшат… Шифокорлар ўзаро гаплашганларини эшитганман: «Қизча тирик туғилиб, яшаб қолганининг ўзи мўъжиза. Телевизорда кўрсатсанг, бирорта она бунақа бола туғишни истамасди». Улар бизнинг қизимиз ҳақида гапирарди… Шундан кейин ҳам бир-биримизни қандай сева оламиз?!
Черковга бордим. Руҳоний отага айтдим. Унинг айтишича, ибодат қилиб гуноҳларимиздан ўтишини сўрашимиз керак. Авлодимизда биров одам ўлдирмаган… Менинг айбим нима?
Аввал бизнинг қишлоқни ҳам кўчирмоқчи бўлишди, кейин рўйхатдан ўчиришди: давлатнинг пули етмас экан. Шу пайтда мен севиб қолдим. Эрга тегдим. Биздагиларга туғиш мумкин эмаслигини билмасдим…
Анча йиллар олдин бувим Библиядан ўқиб берганди: ҳали заминда ҳамма нарса тўкин бўладиган, ҳаммаёқ гуллаб, мева тугадиган пайт келади, дарёлар балиқларга тўла бўлади, ўрмонларда жониворлар кўпаяди, лекин инсон улардан фойдалана олмайди. У мангу ҳаётни давом эттириш учун ўзидан насл ҳам қолдира олмайди.
Мен кўҳна башоратларни қўрқинчли бир эртакдек тинглардим. Ишонмасдим.
Қизчам ҳақида ҳаммага айтиб беринг. Ёзинг. У тўрт ёшида қўшиқ айтади, рақсга тушади, ёддан шеър ўқийди. Ақлий ўсиш жиҳатдан у соғлом, бошқа болалардан фарқ қилмайди, фақат ўйинлари бошқача. У «дўкон», «мактаб» деган ўйинларни эмас, қўғирчоқлари билан «касалхонада» ўйинини ўйнайди: уларга нина санчади, иситмасини ўлчайди, томчи дори тайинлайди, қўғирчоқ «ўлади» — уни оқ чойшабга ўраб қуяди. Биз тўрт йилдан бери касалхонада яшаймиз, уни ёлғиз қолдириш мумкин эмас, у инсон уйда яшаши кераклигини билмайди. Уни бир ой-икки ойга уйга олиб келсам, «Тезроқ касалхонага қайтамизми?», деб сўрайди. Касалхонада унинг дўстлари бор, улар шу жойда яшайди, улғаймоқда.
Унинг орқасини ясадилар… Энди қинни шакллантиришяпти… Охирги жарроҳлик амалиётидан сўнг сийдик чиқариш тўхтади, қовуқни бўшатиш учун найча қўйишнинг имкони бўлмади — яна бир нечта жарроҳлик амалиёти ўтказилиши керак. Бу ёғини чет элда операция қилдиришни тавсия этишяпти. Эрим ойига юз йигирма доллар маош олса, ўн минглаб долларни қаердан оламиз? Бир профессор яширинча маслаҳат берди: «Бунақа патологияси бор бола фан учун аҳамиятли. Чет эл клиникаларига ёзинг. Бу уларни қизиқтириши керак». Мен ёзяпман… (йиғлаб юбормасликка ҳаракат қилади). Мен ёзаман, ҳар ярим соатда боланинг пешобини қўл билан сидириб чиқаришга тўғри келиши, у қин соҳасидаги нуқтадек тешикчадан чиқиши ҳақида ёзяпман. Шундай қилмасак, ягона буйраги ҳам ишламай қолади. Дунёда ҳар ярим соатда сийдиги қўлда сиқиб чиқариладиган гўдак яна қайда бор? Бунга яна қанча чидаш мумкин? (йиғлайди). Мен ўзимга йиғлашга рухсат бермайман… Йиғлашим мумкин эмас… Ҳамма эшикларни тақиллатаман. Ёзаман. Қизчамни олинглар, майли тажриба учун… Илмий тадқиқотлар учун…
…Розиман, майли, қизим тажриба ўтказиладиган «қурбақа» бўлсин, янги услублар синаладиган «қуёнча» бўлсин, яшаб қолса бўлгани (йиғлайди). Ўнлаб хатлар ёздим… О, Худойим!
Ҳозирча у тушунмайди, лекин қачондир биздан бошқаларга ўхшамаслиги сабабини сўрайди. Нега уни эркак севиб қолиши мумкин эмас? Нега у бола туға олмайди? Нега унда ҳатто капалаклар… қушларда… содир бўладиган жараёнлар ҳеч қачон юз бермайди? Ҳаммада, лекин нега айнан унда эмас…
Мен хоҳладим… Исботлашим керак эди… Яъни… ҳужжатларни олишни истардим… Қизим катта бўлганида билсин: эрим иккимиз айбдор эмасмиз… Муҳаббатимиз ҳам… (яна йиғламасликка уринади). Тўрт йил жанг қилдим… Шифокорлар билан, мансабдорлар билан… Юксак идораларда қабул қилишларига эришдим… Тўрт йил ўтганидан сўнггина менга қизимнинг даҳшатли патологияси (кичик дозалардаги) ионлашувчи радиация билан боғлиқлигини тасдиқловчи маълумотнома беришди. Тўрт йил тан олишмади, «қизингиз — болаликдан туғма ногирон», деб қайта-қайта такрорлашди. Қанақасига у болаликдан ногирон бўлсин? Қизим — Чернобиль ногирони. Ўзимнинг насл шажарамни ўргандим: аждодларимизда бирорта бунақа ҳолат бўлмаган, улар саксон-тўқсон ёшгача яшашган, бобом 94 га кирганди.
Шифокорлар ўзини оқларди: «Бизда йўриқнома бор. Бунақа ҳолатларни ҳозирча умумий касалланиш сифатида баҳолашимиз шарт. 20−30 йил ўтгач, маълумотлар базаси жамланганида, касалликларни ионлашувчи радиация билан боғлаймиз. Паст дозалар билан… еримизда ўзимиз еётган ва ичаётган нарсалар билан… Ҳозирча тиббиётга ва фанга бу ҳақда маълум нарсалар жуда оз».
Аммо 20−30 йил кута олмайман. Ярим умрим-ку! Уларни судга бергим келди. Давлатни ҳам… Мени ақлдан озган дейишди, устимдан кулишди, бунақа болалар Қадимги Юнонистонда ҳам, кўҳна Хитойда ҳам туғилган эмиш… Бир мансабдор бақириб берди: «Чернобилчиларнинг имтиёзини олгинг келяпти! Чернобиль пулларини!». Унинг хонасидаёқ хушимдан кетиб қолмаганимга ҳайронман… Қандай қилиб юрагим ёрилиб ўлиб қолмадим-а!.. Лекин менга ўлиш ҳам, ҳушдан кетиш ҳам мумкин эмас…
Улар бир нарсани тушуна олмасдилар… Хоҳламасдилар…
Бу ҳолат менинг ёки эримнинг айби билан бўлмаганини билишим шарт эди… Муҳаббатимиз айбдор эмас… (дераза томонга ўгирилиб, жим йиғлайди).
Бу қизча эса вояга етмоқда… Барибир қиз бола-да… Унинг фамилиясини айтишларини истамайман… Ҳатто қўшниларимиз ҳам… Бир зинадан бирга тушиб чиқадиган қўшниларимиз ҳам буларнинг барини билмайди. Унга кўйлак кийдираман, сочларини ўриб қўяман. «Катенка, қизингиз шунақа гўзал» , — дейишади улар менга. Ўзим эса ҳомиладор аёлларга ғалати қарайман… Гўёки узоқдан қараётгандай… Бурчакдан… Қарамайман, пойлайман гўё… Гўё қалбимда турли туйғулар аралашиб кетади: ҳайрат ва даҳшат, ҳасад ва ҳавас, ҳатто қандайдир қасоскорлик ҳам пайдо бўлади. Қайсидир кун қўшнининг иккиқат итига хам шунақа қараётганимни сезиб қолдим. Уясида турган лайлакка ҳам…
Менинг қизгинам…
Лариса 3., она
Ой нуридаги манзара ҳақида монолог
Чернобилдаги портлашдан кейинги ифлосланиш даражасини пасайтириш бўйича дезактивация ишлари. 1986 йил, 23 май. Фото: «РИА Новости»
Бехос иккилана бошладим, қай бири яхши: ёдда тутишми ёки унутиш?
Таниш-билишлардан сўрадим… Бировлари унутган, бошқалари эслашни истамайди, чунки биз ҳеч нарсани ўзгартира олмаймиз, ҳатто бу ердан кетолмаймиз. Ҳатто шунга ҳам қодир эмасмиз…
Нималарни эслайман… Ҳалокат юз берган дастлабки кунлар кутубхоналардан радиация, Хиросима ва Нагасаки тўғрисидаги, ҳатто рентген ҳақидаги китоблар ҳам ғойиб бўлди. Бу — саросима солмаслик учун «юқори»нинг буйруғи, деган миш-мишлар тарқалди. Бизнинг хотиржамлигимиз учун шундай қилишибди. Шунақа бир ҳазил луқма ҳам пайдо бўлди: агар Чернобиль папуаслар томонда портлаганда, уларнинг ўзидан бошқа бутун дунё саросимага тушарди. Ҳеч қандай тиббий тавсия йўқ… Ҳеч қандай маълумот… Кимнинг имкони бўлса, йодли калий ҳабдориларни топди (шаҳримиз дорихоналарида улар сотилмасди, қаердандир катта пора эвазига топишарди). Шундай ҳам бўлардики, бу ҳабдориларнинг бир сиқимини ютиб, устидан бир стакан спиртни ичиб юборишарди. Кейин «Тез ёрдам» келиб, дорини чиқариб оларди.
Дастлабки хорижий журналистлар етиб келди… Илк киногуруҳ… Улар пластик коржомаларга ўранган, каскалар кийган, пойабзалига резина қоплама кийдирилган, қўлқопларда, ҳатто суратга оладиган камералари ҳам махсус ғилофга ўралганди. Уларга ўзимизнинг таржимон қиз ҳамроҳлик қиларди… Қизнинг устида фақат енгил ёзги кўйлак бўлиб, очиқ пойабзалда эди…
Гарчи ҳеч ким ҳақиқатни чоп этмаётган бўлса-да, одамлар қоғозга босилган ҳар бир сўзга ишонарди. Ҳеч ким ҳақиқатни айтмасди. Бир томондан, яширишарди, бошқа томондан — ҳаммасини ҳам тушунишмасди. Саркотибдан тортиб, то фаррошгача. Кейин белгилар пайдо бўлди, ҳамма уларни кузатишга тушди: агар шаҳар ёки қишлоқда каптарлар ва чумчуқлар бўлса, демак, у ерда одамлар ҳам яшаса бўлади… Инсон ўз ақлига эмас, қушларнинг ақлига ишонарди… Асаларилар юрибдими — демак, тоза. Таксида юрганимда ҳайдовчи қушлар негадир кўзи кўрдай ўзини ойнага уриб, чилпарчин бўлишидан ҳайрон буларди. Худди ақлдан озгандай… Уйқусираб, ўзини ўзи ҳалок қилаётган каби… Иш вақти тугагач, буларни унутиш учун ҳайдовчи дўстлари билан ўтириб ичиб оларкан.
Иш сафаридан қандай қайтганимни эслайман… Икки томонда — ҳақиқий ой манзараси… Қандайдир оқ минерал кукунлар билан қопланган далалар уфққача чўзилган эди. Тупроқнинг устки заҳарланган қисми сидириб олинган ва ерга кўмилган, унинг ўрнига минерал кукунни сепишган. Ерга ўхшамасди… Ерда эмас, бошқа жойда тургандек эдим… Кўрганларимдан узоқ изтироб чекдим ва хатто ҳикоя ёзмоқчи бўлдим. Тасаввур қилдим, яна 100 йилдан кейин бу ерда нима юз беради: инсонми ёки бошқа нимадир узун орқа оёғи тиззаларини орқага ташлаб, тўрт оёқлаб сакраб бормоқда, тунда у атрофни учинчи кўзи билан кўради, биттагина динг турган қулоғи ҳатто чумолининг югурганини ҳам эшитади. Ер юзида ва фалакда фақат чумолилар қолган, бошқа ҳамма нарса ўлган…
Ҳикоямни журналга жўнатдим. Жавоб келди, бу бадиий асар эмас экан, бир даҳшатнинг тафсилоти эмиш. Албатта, истеъдодим етарли даражада эмас. Аммо бу ерда бошқа бир сабаб ҳам борлигидан шубҳаландим. Ўйлаб қолдим: нега Чернобиль ҳақида кам ёзишади? Ёзувчиларимиз уруш ҳақида, сталинча лагерлар ҳақида ёзишда давом этяпти, бу мавзуда эса сукут сақлашяпти. Китоблар — бир-иккита ва тамом. Буни тасодиф деб ўйлайсизми? Ҳодиса ҳали-ҳануз маданият доирасидан ташқарида. Маданий жароҳат. Бизнинг ягона жавобимиз — жимлик. Ёш болалардай, кўзимизни юмиб олганмиз ва ўйлаяпмиз: «Биз яшириндик. Бизни босиб ўтишади». Келажакдан нимадир мўраламоқда ва у туйғуларимизга мос келмаяпти. Омон қолиш лаёқатимизга… Ким биландир гаплашасан — ўша одам ҳикоя қилишни бошларкан, уни эшитганингдан хурсанд бўлади. Тушунмаса ҳам, эшитди-ку, деб… Чунки унинг ўзи ҳам ҳали нима бўлганини тушунганича йўқ… Худди сенга ўхшаб…
Фантастикани ўқигим келмай қолди. Шундай қилиб, қай бири яхшироқ: ёдда тутишми ёки унутишми?
Евгений Александрович Бровкин, Гомель давлат университети ўқитувчиси
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди