Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: ФВВ
Пайшанба куни эрталаб Яккасарой кичик саноат зонаси ҳудудидаги синтепон цехида ёнғин содир бўлди. Воқеа жойидан 2 кишининг жасади топилди, яна 5 киши шифохонага ётқизилди. ФВВ ҳолат ишлаб чиқаришда технологик жараён бузилиши сабабли юзага келганини тахмин қилмоқда.
Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги кичик саноат зонаси ҳудудида ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Қайд этилишича, 1 май куни соат 07:01 да Қўшбеги кўчасида жойлашган Яккасарой кичик саноат зонаси ҳудудидаги синтепон ишлаб чиқариш цехида ёнғин рўй бергани тўғрисида ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра, ёнғин-қутқарув экипажлари соат 07:04 да ҳодиса жойига етиб бориб, у 07:45 да ўраб олинган ва соат 08:09 да ўчирилган. Унга 11 та асосий, 6 та махсус турдаги ёнғин ўчириш техникалари жалб этилган.
Ёнғин бартараф этилгандан сўнг унинг жойини ўрганиш давомида икки нафар фуқаронинг жасади топилган. Шунингдек, 5 нафар фуқаро тан жароҳати билан шифохонага юборилган.
Ҳодиса оқибатида цехнинг тахминан 700 квадрат метр майдонда томи, шифти ва маҳсулотлари ёниб зарарланган.
ФВВ ҳолат ишлаб чиқаришда технологик жараённи бузилиши оқибатида юзага келганини тахмин қилмоқда. Ҳозирда дастлабки тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Воқеа жойига ФВВ раҳбарияти, Тошкент шаҳри ФВБ бошлиғи ва туман ФВБ раҳбар ходимлари ИИБ, ССБ, прокуратура масъул ходимлари чиқишган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди