Ҳудудларда хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Учтепа туманида фуқаро Е.М. 5 кишига 12 минг доллар эвазига Германия давлатига бориш учун виза олиб беришини айтган. Шундан 6 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

Самарқанд шаҳрида эса МЧЖ таъсисчиси О.Ў. ва иш бошқарувчиси С.Р. ижтимоий тармоқда хорижий давлатларга ишга юборишлари ҳақида эълон бериб, 6 нафар фуқарони Германия ва Англия давлатларига ишга юборишга ишонтирган. Улардан жами 12 700 доллар олган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлар ўтказилмоқда.