Тошкент шаҳри Юнусобод туманида мотоцикл билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда пойтахт ЙҲХБ.

Қайд этилишича, ҳолат 29 апрель куни соат 09:40 атрофида КҲАЙ кўчасида содир бўлган. 34 ёшли ҳайдовчи М.А. бошқарувидаги Hyundai Elantra 39 ёшли З.Ш. бошқарувидаги Kavasaki мотоцикли билан тўқнашган.

Тарқалган видеоларда мотоцикл ўзини йўлида келаётганини, машина ҳайдовчиси эса белгиланмаган йўлдан қайрилгани айтилади. ЙТҲ оқибатида мототранспорт ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган.

Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқарма йўл ҳаракати қатнашчиларидан қоидаларга риоя қилишларини, тезликни белгиланган меъёрлардан оширмасликларини эслатди.