Ўзбекистонда ҳар йили 1 май — Фавворалар куни сифатида нишонланади. Мазкур санада мамлакатдаги барча фавворалар фаолиятига старт берилади. «Газета.uz» ушбу кун муносабати билан Tashkent City`даги мусиқали фаввора ҳақида репортаж тайёрлади.

Tashkent City сайилгоҳидаги мусиқали фаввора мутахассиси Даврон Тўйчиевнинг айтишича, ушбу фаввора 2019 йилда Хитой компанияси томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилган. Айнан шу компания пойтахтнинг яна 3 нуқтаси: Magic City, Seoul Mun ва Tashkent City турар жойлари атрофида ҳам мусиқали фавворалар бунёд этган.

«Ушбу фаввора сув ҳавзасининг узунлиги 200 метр, чуқурлиги эса 110 метрни ташкил этади. Сунъий кўл тизими турк компанияси томондан қилинган. Кўлда 10 хил турдаги фаввора форсункаси ўрнатилган. Бу фавворани сайилгоҳнинг юраги, десак ҳам бўлади. Чунки бу ерга кўпчилик айнан шу фавворадан завқ олиб, маданий ҳордиқ чиқариш учун ташриф буюради. Оддий кунлари 5 минг, дам олиш кунлари 10 мингга яқин, байрамларда эса 15 минг нафарга яқин одам келади», — дейди у.

Мутахассисга кўра, фаввора мартдан ноябргача ишлайди. Қиш ойларида эса фаолияти тўхтатилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилади.

«Фавворанинг иш вақти соат 18:30 да бошланади, кунига 4 сеанс ишлайди. Ҳар бир сеанс 15 дақиқа бўлиб, учта қўшиқ қўйилади. Умумий 40 га яқин мусиқа бор, кўпи ўзбекча, ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлардан иборат. Юлдуз Усмонованинг „Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон“ таронасини кўпчилик сўрайди, талаб катта», — дейди Даврон Тўйчиев.

Tashkent City`даги мусиқали фаввора ҳақида тайёрланган репортаж билан батафсил қуйидаги видео орқали танишиш мумкин.