Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Денов туманидаги бозорда бир аёл онаси билан кетаётган ўзига нотаниш қизалоққа пичоқ ургани акс этган видео тарқалди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Газета.uz»га маълум қилишча, ҳолат 1 май куни содир бўлган.

Қайд этилишича, ҳеч бир сабабсиз ошхона пичоғи билан ҳаёт учун хавфли бўлган оғир жароҳат етказган аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

3 ёшли қиз жароҳатлари туфайли туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган. Гумонланувчи аёл процессуал тартибда ушланган.

Олинган дастлабки маълумотларга кўра, аёл руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда турган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади БП хабарда.