Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Иссиқхоналар мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ энергетика инқирози туфайли иссиқхоналар эгалари иситиш мақсадларида арзон, бироқ экологик жиҳатдан зарарли ёқилғи — кўмир ва мазутдан фойдаланишга мажбур бўляпти. Ҳатто эски автомобиль шиналаридан ҳам фойдаланилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, яқин атрофда жойлашган аҳоли пунктлари ва пойтахт ҳавосининг жиддий ифлосланишига олиб келмоқда. Бу ҳақда Глобал экологик фонднинг Кичик грантлар дастури (ГЭФ КГД) миллий координатори Алексей Волков март ойи бошида тадбиркорлар ва экспертлар билан ўтказилган учрашувда маълум қилди.
«Иссиқхона эгалари бу муаммони ҳал қилишга интилаётганига қарамай, ҳозирда уларда самарали ва барқарор муқобиллар мавжуд эмас, — дея таъкидлади Волков. — Бизнинг мақсадимиз ташаббусни ўз қўлига олишга, таклиф этилаётган ечимларни синовдан ўтказишга ва уларни жорий этишга тайёр бўлган соҳа етакчиларини аниқлаш».
Ўзбекистон иссиқхона хўжалиги ҳақида
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) таҳлилчиси Анвар Насритдиновнинг маълумотларига кўра, 2022 йил ҳолатига Ўзбекистонда 3228 та рўйхатдан ўтган саноат иссиқхоналари (СИ) мавжуд бўлиб, улардан 3024 таси ишлаётган бўлган. Қолганлари (жами иссиқхоналарнинг 6 фоизи) энергия ресурслари нархининг юқорилиги сабаб фаолиятини тўхтатиб турган. Иссиқхоналарнинг ўртача майдони 2,3 гектарни ташкил этиб, объектларнинг 41 фоизи 3 гектардан ортиқ майдонни эгаллайди.
Саноат иссиқхоналари сифатида майдони 0,35 гектардан ортиқ бўлган хўжаликлар ҳисобга олинади, кичикроқ иссиқхоналар эса деҳқон (оилавий-тижорат) хўжаликлари сифатида таснифланади. Ўзбекистон иссиқхона хўжаликлари уюшмаси раҳбари Абдураҳим Абдувалиевнинг «Газета.uz»га тушунтиришича, иссиқхона хўжалиги бирлиги сифатида битта юридик шахс ҳисобга олинади.
Ўзбекистондаги иссиқхоналар ҳажмига кўра тўрт гуруҳга бўлинади:
- Микро (0,35−1 га) — 1224 га (умумий майдоннинг 23 фоизи);
- Кичик (1−3 га) — 1914 га (36 фоиз);
- Ўрта (3−5 га) — 776 га (15 фоиз);
- Йирик (>5 га) — 1360 га (26 фоиз).
Иссиқхона хўжаликлари эгаллаб турган умумий рўйхатга олинган майдон 6349 гектарни ташкил этади. 2022 йилда 5274 гектар майдондан фойдаланилган.
Микро ва кичик иссиқхоналар (2717 та) 3138 гектар майдонни эгаллайди, бу иссиқхона секторида фойдаланилаётган умумий ер майдонларининг 59 фоизини ташкил этади. 3 гектардан каттароқ майдонга эга (325 та) иссиқхоналар эса жами 2136 гектарлик майдонни (бозорнинг 41 фоизи) қамраб олган.
Иссиқхона хўжаликларининг асосий қисми бешта вилоят ва пойтахт ҳудудига тўғри келади. Маҳсулотларнинг 86 фоиздан ортиғи ички бозорда сотилади, атиги 14 фоизи экспорт қилинади.
Манба: ЕТТБ.
Тадқиқотларга кўра, иссиқхоналарда энг кўп етиштирилаётган экин помидор (умумий ишлаб чиқаришнинг 66,4 фоизи), ундан кейин бодринг (20 фоиз), булғор қалампири (3,7 фоиз), лимон (3,7 фоиз), бақлажон ва кўкатлар. Жами 308 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Ўзбекистон иссиқхоналарда помидор етиштириш бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида иккинчи ўринда туради, бироқ жаҳон ишлаб чиқарувчиларидан ортда қолмоқда. Ҳосилдорлик (тонна/га) Испания, Туркия, Хитой, Россия каби давлатларга нисбатан пастлигича қолмоқда. Анвар Насритдиновнинг таъкидлашича, ҳосилдорликнинг пастлиги иссиқхоналар самарадорлигининг етарли эмаслиги, энергия етишмаслиги, етарли даражада шамоллатилмаслик ва ҳароратнинг кескин ўзгариши билан боғлиқ.
Иситиладиган иссиқхоналар жами иссиқхоналарнинг 88 фоизини ташкил этади. 2022 йилда хўжаликларнинг ярмидан кўпи газдан фойдаланган, қолганлари кўмир ва мазутда ишлаган. Бироқ, Насритдиновнинг сўзларига кўра, сўнгги икки йил ичида вазият ўзгарган бўлиши мумкин.
2022 йилда Ўзбекистон газ ва электр энергияси тақчиллигига дуч келди. Октябрь ойида 268 та иссиқхона газ таъминотидан узилгач, президент ўз маъмурияти раҳбари Сардор Умурзоқовга муаммони зудлик билан ҳал қилиш бўйича топшириқ берди. Умурзоқов иссиқхоналарнинг газдан узилишини «миллий хавфсизликка таҳдид» деб баҳолади. 2023 йил бошида президентнинг 16 февралдаги қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, бошқа ижтимоий объектлар қатори иссиқхоналарнинг бир қисми ҳам кўмирга ўтказила бошланди.
Фото: «Ўзбеккўмир»
Иқтисодиёт тармоқлари томонидан кўмирга бўлган талабнинг ортиши ва, хусусан, иссиқхона хўжаликларининг ушбу ёқилғи турига ўтказилиши сўнгги йилларда ҳаво сифати ёмонлашувининг асосий сабабларидан бирига айланди.
«Пойтахт атрофида „яшил ҳалқа“ ўрнига амалда иссиқхона хўжаликларидан иборат „кулранг ҳалқа“ шаклланди. Кўмирдан фойдаланишга ўтгандан сўнг бу хўжаликлар атрофдаги ҳудудлар, жумладан, пойтахтнинг атмосфера ҳавоси сифатига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда», — дейилади Экология вазирлигининг ўтган йил январь ойидаги баёнотида.
2024−2025 йиллар қишида вазирлик томонидан иссиқхоналарда бир неча бор текширувлар ўтказилди. Февраль ойида 154 та объектга нисбатан чора кўрилгани ҳақида хабар берилган эди. Яна 376 тасига қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар тақдим этилган. Бироқ бу иссиқхоналарнинг майдонига аниқлик киритилмагани сабабли уларнинг иссиқлик энергиясига бўлган эҳтиёжини баҳолаш қийин.
Абдувалиевнинг сўзларига кўра, Тошкент атрофидаги «кулранг ҳалқа»нинг пайдо бўлишига саноат иссиқхоналари эмас, балки майдони 10 сотихгача бўлган кичик иссиқхоналар сабаб бўлган. Уларнинг эгалари газ билан таъминланмаган, кўмир эса жуда қиммат бўлгани учун улар шина ва мазут ёқа бошлаган.
Иссиқхоналар чиқиндиларни қандай камайтириши мумкин?
Энергия истеъмоли таҳлили шуни кўрсатдики, қиш мавсумида иссиқхоналар юкламаларнинг кескин ортишини бошдан кечиради, бу эса иссиқлик таъминотида барқарорликни таъминлашни қийинлаштиради.
Муаммога эҳтимолий ечим сифатида ЕТТБ таҳлилчиси Анвар Насритдинов иссиқлик насосларини муқобил энергия манбалари билан биргаликда қўллашни таклиф этмоқда. ЕТТБ тадқиқотлари шуни кўрсатдики, бундай тизимлар иссиқхоналарнинг иссиқликка бўлган эҳтиёжининг 70−80 фоизини таъминлай олади, энг юқори юкламаларда эса газ ёки кўмир каби қўшимча энергия манбалари билан қопланиши мумкин.
Кўк рангда иссиқлик (кВт·соатда), бўш жойлар эса йилнинг иссиқ даврини кўрсатади. Энг юқори қийматлар энергия сарфининг кескин ўзгаришини акс эттиради, айниқса совуқ тунлар ва айрим қиш кунларида. Манба: ЕТТБ.
Барча иссиқхона хўжаликлари иссиқлик насосларига ўтказилган тақдирда, иссиқхоналарнинг бешдан бир қисми модернизация қилинганда энергия сарфи 12 фоизга, тўлиқ ўтказилганда эса 60 фоизга камаяди. Бу, шунингдек, карбонат ангидрид чиқиндиларини мос равишда 9 фоиз ва 45 фоизга камайтириш имконини беради. Бироқ мамлакат миқёсида насосларни ўрнатиш учун капитал харажатлар 1,44 миллиард еврога баҳоланмоқда, бу эса кенг қамровли молиялаштириш дастурларини талаб қилади, дея таъкидлайди ЕТТБ таҳлилчиси.
Ушбу моделда кўк рангда иссиқлик насоси томонидан ишлаб чиқарилган иссиқлик, сариқ рангда эса қозонлардан фойдаланиш талаб қилинадиган вақт — энергия сарфининг кескин ортиши кўрсатилган. Манба: ЕТТБ.
Иссиқлик насоси қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш ва иссиқликни утилизация қилиш ҳисобига ёқилғи-энергетика ресурслари харажатларини сезиларли даражада камайтириш имконини беради, деб тушунтиради Energy Eco Sources муҳандиси Виктор Сермяжко.
«Ҳар қандай энергия самарадорлиги энергияни тежаш маданиятидан бошланади», — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, иссиқхона хўжаликларида энергиянинг асосий сарфи суғориш учун сувни иситиш, шунингдек, иссиқхонани иситиш билан боғлиқ. Иссиқлик насоси кундузи қуёш энергиясидан фойдаланиб ва тунда насосни ишга тушириб, иссиқликни махсус идишларда йиғиш имконини беради.
«Биз мўъжиза яратмаймиз — шунчаки атроф-муҳитдан иссиқликни олиб, адиабатик сиқиш орқали уни керакли муҳитга ўтказамиз. Бу музлатгичнинг тескари тартибда ишлашига ўхшайди», — дейди Сермяжко.
Паст потенциалли манбалар — ҳаво, сув ва тупроқ, яъни атроф-муҳитнинг ўзи. Манба: Energy Eco Sources
Бундан ташқари, ёз мавсумида иссиқлик насосидан ҳавони совитиш учун фойдаланиш, янги иссиқхона мажмуаларида эса совитиш ускуналари билан бирлаштириб, ортиқча иссиқликни утилизация қилиш мумкин.
«Энергиянинг тўлиқ рекуперацияси сарфланган ҳар бир киловатт электр қувватига 3,6 киловаттгача совуқ ва қўшимча иссиқ сув олиш имконини беради», — дея хулоса қилади мутахассис.
Манба: Energy Eco Sources
Беларуснинг Energy Eco Sources компанияси маркетинг ва рақамли трансформация бўйича директори Иван Бутук иссиқлик насослари ва бошқа замонавий иситиш технологияларига ўтиш нафақат тежамкорлик, балки экология масаласи эканлигини таъкидлайди. Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда, айниқса, совуқ мавсумда анъанавий иситиш усулларидан фойдаланиш туфайли ҳаво ифлосланади.
Фото: ГЭФ КГД.
«Беларусдаги каби тоза ҳаводан нафас олишни истардим, бироқ сўнгги бир-икки йил ичида бунинг иложи йўқ. Айниқса, кечқурун иссиқхоналар ва бошқа биноларда иситиш ёқилганда ҳавода зарарли заррачалар сезилади», — дейди Иван Бутук.
Унинг сўзларига кўра, иссиқхоналарни иссиқлик насослари ёрдамида модернизация қилиш нафақат ифлосланиш даражасини пасайтиради, балки анъанавий энергия манбаларига қарамликни ҳам камайтиради.
«Бу кимдир пул тежагани ҳақидаги ҳикоя эмас. Бу кимдир соғлиғини йўқотгани ҳақидаги ҳикоя. Бунга жиддий ёндашиш керак», — дея таъкидлади у.
Иван Бутукнинг қўшимча қилишича, экологик технологиялар нафақат тенденцияга, балки ривожланишнинг мажбурий элементига айланмоқда. Узоқ муддатли истиқболда уларнинг жорий этилиши Ўзбекистонга арзон газ бўлмайдиган энергия бозорининг янги шароитларига мослашишга ёрдам беради.
«Тез орада карбонат ангидрид чиқиндиларини тартибга солувчи қонунлар пайдо бўлади. Экологик технологияларни жорий қилганлар рақобатдош устунликка эга бўлади», — дея хулоса қилади у.
«Газета.uz» мухбири билан суҳбатда Қайта тикланувчи энергия манбалари ва муқобил ёқилғилар уюшмаси раисининг ўринбосари Зафар Саипов Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишга интилиши бизнесни декарбонизация қилиш бўйича халқаро стандартларни жорий этишга олиб келишини таъкидлади.
Иван Бутукнинг сўзларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистонда бозорини жорий этиш режалаштирилган бўлиб, бу корхоналарга чиқиндиларни камайтириш орқали даромад олиш имконини беради: агар эмиссия даражаси белгиланган меъёрдан паст бўлса, фарқни очиқ бозорда сотиш мумкин бўлади.
Бу «Иссиқхона газлари чиқиндиларини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида кўзда тутилган эди, бироқ 2025 йил январда Сенат уни рад этди. Бунга «иссиқхона газлари» тушунчасининг аниқ таърифи йўқлиги, шунингдек, уларни тартибга солиш соҳасида маҳаллий кенгашлар ва ижро ҳокимияти ваколатларини чегаралаш зарурати сабаб қилиб кўрсатилди.
«Ҳозирнинг ўзида иссиқлик насосларига ўтиш қийин»
Ўзбекистон Иссиқхона хўжаликлари уюшмаси раиси Абдураҳим Абдувалиев ускуналар нархининг юқорилигидан ҳавотирда эканини билдириб, уни қай даражада пасайтириш мумкинлиги билан қизиқди.
«Етиштирилаётган маҳсулот таннархи сезиларли даражада юқори: харажатларнинг тахминан 25 фоизи энергия манбаларига, 30 фоизи эса қарзга хизмат кўрсатишга тўғри келмоқда», — дейди Абдувалиев.
2022 йил ноябрда «Газета.uz» мамлакат иссиқхоналарининг 40 фоизи кредит, солиқ ва коммунал тўловлар бўйича қарздор эканлигини, 8 триллион сўмлик кредитларни тўлаш муддати ўтиб кетганини хабар қилган эди. 2023 йил августда президент 1000 та иссиқхона учун 2,2 триллион сўмлик кредитларни қайтариш муддатини узайтирди.
Абдувалиевнинг қўшимча қилишича, бундай шароитда замонавий технологиялар ҳатто кредит маблағлари билан ҳам ушалмас орзу бўлиб қолмоқда. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида иқлим шароитлари сезиларли даражада фарқ қилишини таъкидлади. Бу энергия сарфи ҳисоб-китобларига ҳам таъсир этади.
Иссиқхона хўжаликлари уюшмаси раиси газ мавжудлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, газ қозонлари билан жиҳозланган саноат иссиқхоналарида ёқилғи билан боғлиқ муаммо йўқлигини айтди. Шу билан бирга, кичик иссиқхона эгалари муқобил, янада зарарли энергия манбаларига ўтишга мажбур бўлмоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда кўмир газга нисбатан 1,6 баравар қиммат, бироқ яқин истиқболда газ нархининг ошиши натижасида фарқ 1,4 бараваргача қисқаради.
Абдураҳим Абдувалиев, шунингдек, иссиқхоналар ҳаво сифатининг ёмонлашишига катта ҳисса қўшиши ҳақидаги ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган фикрга изоҳ берди.
«Яқинда Экология вазирлиги мутахассислари иштирокидаги йиғилишда ҳавонинг ифлосланиш сабаблари муҳокама қилинди. Муаммо иссиқхоналар ва бошқа корхоналарнинг чиқиндиларида эмас, балки шаҳар яхши шамоллатилмаслигида — ҳаво оқими йўқлиги ва шамол пойтахтни тозалай олмаслигида», — дейди у.
Уюшма раиси энергия самарадорлигини ошириш учун таклиф этилаётган технологиялар истиқболли эканлигини, бироқ ҳозирча иссиқхоначилар учун арзонроқ газ ва кўмир ҳамёнбоплигича қолаётганлигини таъкидлади.
«Бу тизим — келажак ва биз унга албатта эришамиз, бироқ ҳозирнинг ўзида унга ўтиш қийин», — дея хулоса қилади у.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди