Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати
Самарқанддаги Каттақўрғон давлат ўрмон хўжалигида 10,5 гектар майдонда ёнғин чиқди. 7,4 гектар ер зарарланиб, 50 минг тупга яқин юлғун ва яна бир қанча бошқа дарахтлар шикастланди. Табиатга етказилган зарар қарийб 1,9 миллиард сўмни ташкил этди. Ҳолат юзасидан ҳужжатлар прокуратурага топширилди.
Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида ёнғин содир бўлгани аниқланди, деб хабар берди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Вилоят экология бошқармасига хўжалик ўрмон фондининг маълум қисми ёқиб юборилгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳолат ўрганилганда ҳудуднинг 10,5 гектар майдонида ёнғин юз бергани ҳамда 7,4 гектар ер зарарлангани маълум бўлди.
Оқибатда табиатни, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш ҳамда ўрмон тўғрисидаги қонунлар талаблари бузилган.
Ўрганиш давомида ёнғин содир бўлган майдондаги манзарали дарахтлар хатловдан ўтказилди. 116 туп жийда, 5 туп тол ҳамда 49 580 туп юлғун буталари шикастлангани аниқланди.
Табиатга жами 1 миллиард 884 миллион 675 минг сўм миқдорида зарар етказилган. Ҳужжатлар ҳолатга қонуний баҳо бериш учун прокуратура органларига тақдим этилди.
Фото
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди