14 апрель куни кечаси Россиянинг Астрахан вилояти Лиман туманида икки автомобиль тўқнашиб, одамлар ўлими қайд этилди, деб хабар берди kp.ru.

Маълумотларга кўра, ҳайдовчи, 1982 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси, бошқарувидаги BAW автомобили ярим тиркамали Mercedes билан тўқнашган. Ҳодиса оқибатида уч нафар йўловчи ҳалок бўлган, яна уч нафари тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган, дейилаи хабарда.

Ўзбекистон болалар омбудсмани матбуот хизматининг аниқлик киритишича, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистон фуқароси (2013 йилда туғилган ўғил бола) Б.Р. шифохонага ётқизилган. Боланинг автомашинада бўлган ота-онаси эса вафот этган.

Таъкидланишича, бола енгил жароҳат олган, тиббий ёрдамдан сўнг уни Ўзбекистонга қайтариш масаласи ўрганилган. Боланинг яқин қариндошлари вақтинча васийликни расмийлаштириш жараёнини бошлаган, аммо Б.Р.ни Россиядан олиб чиқиш учун ҳужжатлар етарли бўлмаган.

Сўнг масала юзасидан Россия болалар омбудсмани Мария Львова-Белова Ўзбекистон болалар омбудсмани Сурайё Раҳмоновага мурожаат қилгани айтилади. Шундан кейин бола ва унинг холаси учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Бола Ўзбекистонга олиб келинди ва холасининг қарамоғига топширилди.