Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Москвада ота-она қарамоғисиз қолган 3 нафар ўзбекистонлик бола реабилитация маркази ходимлари ҳамроҳлигида ватанга олиб келинди. Уларга Тошкентда тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Болаларни оила бағрига қайтариш ишлари бошланди.
29 апрель куни Россиянинг Москва шаҳрида ота-онаси қарамоғисиз қолган 3 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар бермоқда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.
Қайд этилишича, бунга Москвадаги «Алтуфьево» ижтимоий-реабилитация маркази ходимлари ҳамроҳлик қилган. Ташаббус эса Ўзбекистон ТИВ, ИИВ ҳамда ИҲМА ўртасидаги мувофиқлаштирилган ҳамкорлик натижасида амалга оширилди.
Тошкент шаҳри ИИББ ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида болалар учун барча зарур шароитлар яратилди. Тиббий кўрикдан ўтказиш ва психологик ёрдам кўрсатиш ишлари тезкор тарзда йўлга қўйилди.
«Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари болаларнинг яқин қариндошларини аниқлаб, уларни оила бағрига қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрди, дейилади хабарда.
Маълумот учун: 2024 йилдан ҳозирги вақтга қадар 40 нафардан ортиқ вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси республикага олиб келиниб, оилавий муҳитга қайтарилган. Уларнинг айримлари — қуйидаги ҳаволаларда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди