Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
28 апрель куни Россия президенти мамлакат ҳудудида бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини қонунийлаштириш муддатини узайтирувчи фармонни имзолади. Ҳужжатларни тартибга солиш муддати 2025 йил 10 сентябргача узайтирилди.
Ўтган йилнинг охирида Россияда ноқонуний бўлган чет эл фуқаролари 2025 йил 30 апрелгача мамлакатни мустақил равишда тарк этишлари ёки ҳуқуқий мақомини ҳал қилишлари кераклигини акс эттирувчи фармон имзоланганди.
5 февралдан бери Россияда мамлакат ҳудудида ноқонуний бўлиб турган хорижликларни чиқариб юбориш бўйича махсус режим амал қилмоқда. Энди чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорни ҳудудий ва транспорт полицияси бўлинмалари бошлиқлари ва ўринбосарлари, ИИВ миграция хизматлари раҳбарлари қабул қилиши мумкин.
Депортация ёки ихтиёрий чиқиш вақтига қадар Россияда зарур ҳужжатларсиз бўлган хорижликлар «назорат остидаги шахслар реестри»га киритилади. Улар учун айрим ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш кўзда тутилган: масалан, никоҳ тузиш ёки уни бекор қилиш, транспортни рўйхатдан ўтказиш ва бошқариш тақиқланади.
Март ойида ички ишлар вазири Владимир Колокольцев Россиянинг назорат остидаги шахслар реестрига 685 минг нафар хорижлик киритилганини маълум қилганди, деб ёзади РБК. ИИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Александр Горовойнинг сўзларига кўра, Россиядаги ноқонуний муҳожирларнинг катта қисмини аёллар ва болалар ташкил қилади.
Жорий йилнинг апрель ойи бошида тақдим этилган маълумотларга кўра, Россияда 6,3 миллион чет эл фуқароси бор, уларнинг 89,2% фоизи мамлакатда қонуний бўлиб турибди.
28 апрель куни Ўзбекистон делегацияси Россияга меҳнат миграцияси ва Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича музокаралар ўтказиш учун жўнаб кетганди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Миграция агентлиги Россияда ишлаб юрган, аммо ҳужжатларида камчилиги мавжуд бўлган барча юртдошларга ҳуқуқий, амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.
Легализацияга доир саволлар билан қуйидаги телефон рақамларга ва Telegram ботга мурожаат қилиш мумкин:
- Ўзбекистонда — (95) 985 33 55, (95) 983 33 55.
- Россияда — +7 925 045 4744.
Шунингдек, бошқа контактлар: (Telegram). WhatsApp: +79250454744
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди