Главная страница » Расм чизиш — ҳар қандай мутахассисга асқатадиган кўникма – Ўзбекистон янгиликлари – Газета.uz

Расм чизиш — ҳар қандай мутахассисга асқатадиган кўникма – Ўзбекистон янгиликлари – Газета.uz

by EurasiaPluse
0 пікір

Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Сўнгги ўн йилликларда техник касбларга бўлган талабнинг жадал ўсиши натижасида тобора кўпроқ ота-оналар фарзандларига қўшимча таълим танлашда асосий эътиборни робототехника каби техник фанларга қаратмоқда. Кўпчилик болаларнинг расм чизиш ёки мусиқага бўлган иштиёқига эса ёши улғайиши билан ўтиб кетадиган ҳолатдек қаралмоқда. Айрим ҳолларда ҳатто сезиларли истеъдодлар ҳам эътибордан четда қоляпти.

Кўп сонли тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тасвирий санъат билан шуғулланиш кўплаб касблар учун асос вазифасини ўтайди. Расм чизиш — аввало, ижодий фикрлаш, ностандарт қарорлар қабул қилиш ва ғоялар яратиш, дунёга турли ракурсдан қараш қобилиятидир. Бу кўникма ҳар қандай мутахассисга асқатади.

Сурат Галина Кальченко архивидан.Сурат Галина Кальченко архивидан.

Расм чизиш қобилияти меъморчилик, кино ва мултипликация, кийим-кечак ва заргарлик буюмларини моделлаштириш, график дизайнгача бўлган йўлнинг бошланишидир. Рассомчилик бўйича муаллим сифатидаги 20 йиллик фаолиятим давомида талабаларнинг тасвирий санъатдан бошлаб, тегишли соҳаларда техник кўникмаларни қандай ўзлаштириб борганини бир неча бор кузатганман.

Мисол учун, Асалхон Одилова ўсмирлик чоғи Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг ижодий имтиҳонларига тайёрланиш учун менга мурожаат қилган. У модельер бўлмоқчи эди. Биз қабул комиссияси учун портфолио тайёрладик. Кейинчалик, Асалхон университетда ўқиётганида, унга бу касбга бошқача ракурсдан қарашни маслаҳат бердим, чунки модельер нафақат ўз услубларини ўйлаб топади, балки архитектор ёки муҳандисга ўхшаш конструкторлик ишини ҳам бажаради.

Ҳозир бу қиз Париждаги дунёга машҳур мода уйлари билан ҳамкорлик қилувчи François Metreau компаниясида ишлаяпти.

Расм чизиш ва аниқ фанлар

Россиянинг «Иқтисодиёт олий мактаби» Миллий тадқиқот университети (НИИ ВШЭ) олимларининг аниқлашича, расм чизиш қобилияти талабаларнинг математик, илмий ва техник фанлар бўйича кўрсаткичларини яхшилайди.

Барча когнитив кўникмалар майда моторикага асосланади. Шунинг учун рассомчилик ўқитувчиси сифатида аниқ биламанки, агар бола кичик ёшда расм чизиш билан шуғуллантирилмаса, бўёқ билан ишлашни ўрганмаса, кубиклардан конструкциялар ясаш ва аппликациялар ёпиштириш каби машғулотларга жалб қилинмаса, у математикани тушунишда қийинчиликка дуч келади.

Назаримда, бугунги кундаги билимлар инқирози — юқори синфлардаги кўплаб болалар аниқ фанларни ўзлаштира олмаётганлиги болаликда ота-оналарнинг расм чизишни шўхлик деб билиб, бу кўникмаларни ривожлантириш билан астойдил шуғулланмагани натижаси ҳисобланади.

Образли тафаккурсиз алгебра, геометрия ва физикани тушуниб бўлмайди, чунки формулалар тили, энг аввало, ривожланган образли тафаккурдир. У мактабгача бўлган даврда, бола ҳали ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган пайтда шаклланади.

Галина Кальченко.Галина Кальченко.

Ота-оналарга фарзандларида ижодий кўникмалар ривожланмагунича ёзиш ва ўқишни ўргатмасликни маслаҳат бераман. Бу шахсий касбий тажрибамга асосланган: агар ўсмир расм чизиш дарсларига қатнаса, унинг аниқ фанлардаги кўрсаткичлари яхшиланади. Леонардо да Винчи ҳам ҳар қандай тасвирда математика мавжудлигини исботлаган. Масалан, портрет жанрини ўрганиш пропорцияларни ўрганиш ва схема-эскиз чизишдан бошланади. Мунтазам машқ қилиш натижасида ўқувчилар касрлар, математик функциялар нима учун кераклигини тушуна бошлайди; уларнинг образли, амалий маъносини кўради.

Кичик ёшдаги болалар билан ўтказиладиган машғулотларда японча «хирамеки» техникаси асосида болаларнинг ижодий тафаккурини ривожлантириш усулидан фойдаланаман. Мураккабликнинг биринчи босқичида ранг-баранг бўёқлар билан турли шаклдаги суртмаларни чизамиз. Иккинчисида вазифани мураккаблаштирган ҳолда худди шундай қиламиз, лекин фақат битта ранг билан ишлаймиз. Учинчи босқич энг мураккаби: бир хил шаклдаги суртмаларни бир хил рангда чизамиз. Варақлар қуригандан сўнг, ота-оналар билан биргаликда фантазия қилиб, суртмаларни кичик образли расмларга айлантириш мумкин. Асосий шарт — суртма умумий ҳажмининг 10 фоизидан кўп бўлмаган қисмини тўлдириш.

Пет Хунинг «Хирамеки» китобидан олинган сурат.Пет Хунинг «Хирамеки» китобидан олинган сурат.

Масалан, қуш ҳосил бўлиши учун мос шаклдаги суртмага оёқ ва кўз қўшиш кифоя. Бу методиканинг энг диққатга сазовор жиҳати шундаки, ундан деярли ҳар қандай шароитда: поликлиникада навбатда турганда, таксида ёки танаффусда фойдаланса бўлади. Варақларни хоҳишга кўра ағдариш ёки дўстлар билан алмашиш мумкин.

Тасвирий санъат, танқидий фикрлаш ва ўз-ўзини англаш

Расм чизиш қобилияти ривожлантирадиган яна бир муҳим кўникма — бу танқидий фикрлашдир. Улар ўртасидаги боғлиқликка бағишланган кўплаб тадқиқотлар ва мақолалар мавжуд. Масалан, АҚШнинг Walden University онлайн университети веб-сайтидаги «Does Art Boost a Student’s Critical Thinking?» («Санъат талабаларда танқидий фикрлашни кучайтирадими?») мавзусидаги мақолада таълим соҳасидаги мутахассисларнинг бу борадаги фикрлари келтирилади. Уларнинг таъкидлашларича, санъат соҳасидаги тажриба атрофимиздаги дунёни синчковлик билан кузатишга имкон беради, майда тафсилотларга эътибор қаратишга, фарқларни илғашга ўргатади. Бу эса танқидий фикрлашнинг асосидир.

Агар 10 та ўқувчи бир хил натюрморт чизиш топшириғини олса, машғулот якунида турли услубларда ва турли ракурсдан ишланган 10 хил асарни кўриш мумкнин. Бу нафақат ўз дунёқарашини ифодалаш ва ҳимоя қилишга, балки атрофда бошқача нуқтаи назарга эга одамлар борлигини кўриш ва буни табиий ҳол, деб қабул қилишга ўргатади.

Шунингдек, бир қатор тадқиқотлар расм чизишнинг болалар руҳий саломатлиги учун муҳимлигини таъкидлайди. АҚШ Миллий тиббиёт кутубхонасининг расмий сайтида PubMed маълумотлар базаси орқали эълон қилинган «COVID-19 пандемияси даврида болалар ва ўсмирлар руҳий саломатлиги ёмонлашувининг хавф омиллари» номли мақолада таъкидланишича, бугунги кунда дунё бўйлаб болалар ва ўсмирларнинг руҳий саломатлиги ёмонлашмоқда. Олимлар буни пандемия давридаги ижтимоий изоляция, стресс ва ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсири билан боғлайди.

Сурат Галина Кальченко архивидан.Сурат Галина Кальченко архивидан.

Расм чизиш юқорида санаб ўтилган муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Чунки унинг ижобий таъсири болаларни экранлардан узоқлаштириш, мактаб ва оиладан ташқаридаги мулоқот доирасини кенгайтириш билангина кифояланиб қолмайди. Энг асосийси, санъат дарслари ҳар қандай нарсага ҳар томонлама қарашни ўргатади. Стул ёки олма учун ишлаган нарса ҳаётнинг ҳар қандай соҳаси учун ҳам амал қилади. Чиниқтирилган ақл ҳар қандай муаммога расм учун объект сифатида қарай олади. Доғ ёки нотўғри чизиқ олдиндан режалаштирилмаган янги қизиқарли элементга айланиши мумкин. Ҳаётда ҳам шундай. Мен болаларга қандайдир вазифа ёки муаммога дуч келганда, уни мияда айлантириб, турли томонлардан кўриб чиқиш керак, шунда ечим албатта топилади, деб бот-бот такрорлайман.

Расм чизишнинг ижобий таъсири ўзини англашда ҳам намоён бўлади. Ота-оналар ва тарбиячилар томонидан турли хил материаллар ва техникалар кўрсатиб келинган болалар анча хотиржам ва барқарор ривожланади, чунки уларнинг мижози ўзини ифода этиш учун зарур воситаларни топа олади.

Биринчи машғулотда ҳар доим болаларнинг қандай қобилиятлари ва истеъдодлари борлигини (биз ҳаммамиз, шубҳасиз, табиатан истеъдодлимиз) ва уларнинг маълумотларни идрок этишдаги ўзига хос хусусиятларини аниқлаш мақсадида синовдан ўтказаман. Баъзан ўқувчи бирор материални ёки техникани умуман тушунмайди ёки шунчаки ёқтирмайди. Масалан, кимдир фломастер билан расм чизишни ёқтирмайди. Лекин бу унга жараён ёқмайди дегани эмас, шунинг учун биз бундай болага бошқа нарсани синаб кўришни таклиф қиламиз. Ҳар ким ўзининг кўнглига яқин бўёқларни топа олади.

Иллюстратив сурат. Манба: Yannis Papanastasopoulos / unsplash.comИллюстратив сурат. Манба: Yannis Papanastasopoulos / unsplash.com

Болаларга санъатнинг турли йўналишларида ривожланиш, атамаларни ўзлаштириш ва дунёқарашини кенгайтириш имконини бериш учун махсус ProArt стол ўйинини яратдим ва патентладим. Унинг ёрдамида болалар санъат турларини ўрганади, тўпламга киритилган карточкалар таклиф қиладиган турли хил бадиий материаллар ва усуллар билан расм чизишни ўзлаштиради.

Санъат ва эмпатия

Расм чизиш билан боғлиқ яна бир ижобий жиҳат шундаки, санъат студиясига келгач, болалар ўз ҳамфикрларини топади. Уларга умумтаълим мактабидагига қараганда дўстона муносабатларни ўрнатиш осонроқ, чунки у ерда қоидалар ва чегаралар кўпроқ.

Тасвирий санъат дарсларининг болалар ва ўсмирларда мулоқот қобилиятларини ривожлантиришга таъсири қатор илмий тадқиқотларда ўз тасдиғини топган. Россия таълим академияси Бадиий таълим ва маданиятшунослик институти олимлари мунтазам равишда расм чизиш бўйича машғулотларга қатнашувчи ўсмирлар эмпатия ва ҳиссий интеллект тестларида юқори натижа кўрсатишини исботлаган. Улар буни бадиий асарларни яратиш ва муҳокама қилиш жараёнида болалар ўз ҳис-туйғуларини новербал усуллар билан ифодалашни, бошқаларнинг визуал хабарларини талқин қилишни ва асарларни гуруҳда муҳокама қилишда конструктив мулоқотда иштирок этишни ўрганишлари билан боғлайди.

Иллюстратив сурат. Манба: Jonathan Borba / unsplash.com Иллюстратив сурат. Манба: Jonathan Borba / unsplash.com

Бу борада, айниқса, доктор Сюзан Райт бошчилигидаги халқаро тадқиқотчилар гуруҳининг хулосаси диққатга сазовор бўлиб, унга кўра, арт-терапия усулларини ўз ичига олган доимий расм чизиш машғулотларига мулоқотда қийинчиликларга дуч келган болаларга ижтимоий тўсиқларни енгиб ўтишга ва янада ишончли мулоқот услубларини ривожлантиришга ёрдам беради.

Амалиёт ҳам шуни кўрсатади. Кўпинча мураккаб ўсмирлик даврида кўпчиликка атрофдагилар уларни тушунмаётгандек туюла бошлайди. Бу ажабланарли эмас, чунки ижодкор ва истеъдодли болалар омма орасида ажралиб туради ва бу кўпинча атрофдагиларнинг норозилигига сабаб бўлади. Расм чизиш дарслари уларга ўзларига ўхшаган одамлар дунёсига эшик очади.

Шундай болалар борки, уларнинг расм чизишга бўлган қизиқиши «дўстлари таъсирида» пайдо бўлади. Ўсмирнинг дўсти ёки синфдоши расм чизишни бошлайди ва энди улар бутун гуруҳ бўлиб YouTubeʼдан видеодарсларни излайди ва ўзаро расм алмаша бошлайди. Тўсатдан уларнинг жамоасида ҳақиқий истеъдодлар борлиги маълум бўлади. Бундай эътироф болаларга ўзларининг бетакрорлигини англашга ёрдам беради ва атрофда қўллаб-қувватловчи, қабул қилиш ва маъқуллаш муҳитини яратади.

Сурат Галина Кальченко архивидан.Сурат Галина Кальченко архивидан.

Санъат атрофимиздаги гўзалликни илғашга ўргатади, эмпатия ва ҳиссий интеллектни ривожлантиради. Бу эса кейинчалик атрофдагилар билан ўзаро алоқани осонлаштиради ва маданиятсизликка қарши қалқон вазифасини ўтайди. Масалан, расм чизиш машғулотларига қатнаётган болалар қизиқарли маникюр, кийим-кечаклардаги деталлар, кайфият каби майда-чуйдаларга эътибор қарата бошлайди ва бу ҳақда гапиради. Эътиборлилик ва сезгирлик уларга одамлар билан янада самимий ва илиқ муносабатлар ўрнатишга ёрдам беради, бу эса ҳаётни янада уйғун ва қулай қилади.

Нима учун мактабдаги тасвирий санъат дарслари етарли эмас?

Санъат билан ҳар қандай шаклдаги шуғулланиш ижобий натижа берса-да, Ўзбекистон мактабларидаги замонавий тасвирий санъат дарсларини самарали деб бўлмайди. Афсуски, бу дарслар гўзалликни кўриш ва тушунишга ўргатмаслиги етмагандек, ижодкорлик ва ўз-ўзини англашни ҳам ривожлантирмайди.

Замонавий мактабдаги одатий тасвирий санъат дарсини тасаввур қилинг: 45 дақиқа, 45 ўқувчи ва ҳамма қатъий андоза бўйича чизиши керак бўлган битта кўк рангли гулдон. Бу манзарада нимадир мутлақо нотўғри ва гап фақат болалардан бири гулдонни қизил рангда чизишни хоҳлашида эмас.

Иллюстратив фото. Манба: russn_fckr / unsplash.comИллюстратив фото. Манба: russn_fckr / unsplash.com

Замонавий тасвирий санъат дарслари муаммоси бир қарашда кўринганидан ҳам чуқурроқ. Ҳозирда профессионал рассомлар фақат ихтисослашган олий ўқув юртларида дарс беради. Мактабларда эса бошланғич маълумотга эга мутахассислар ишлайди. Натижада ёпиқ доира ҳосил бўлади: ўз кучига ишонмаган ўқитувчилар қўлланмаларга қатъий риоя қилади, чунки улар дастурдан четлашишдан, янгилик киритишдан қўрқади.

Натижада ижодий фан бир хил маҳсулот яратувчи конвейерга, болалар ижоди эса механик, ўзига хосликдан маҳрум жараёнга айланади.

Баҳолаш тизими алоҳида мавзу. Бугунги кунда у асосий нарсани — ижодда нафақат натижа, балки жараён ҳам муҳим эканлигини ҳисобга олмайди. Кўпинча бола ўз ишини 10 баллдан 10 баллга баҳолайди, чунки у астойдил ҳаракат қилган ва барча қийинчиликларни енгиб ўтган. Ўқитувчи эса натижа дарсликдаги расмга мос келмагани учун баҳони пасайтиради. Бу ота-оналарнинг болаларни қўшимча машғулотларга олиб боришига сабаб бўлади, лекин ижодий салоҳиятни ривожлантириш учун эмас, балки паст баҳо олмаслик учун. Санъат ўз-ўзини ифодалаш усулидан кундаликдаги оддий баҳога айланади.

Буни тўғрилаш керак. Ҳар бир ўқувчининг ўз ютуқларига нисбатан ривожланишини баҳолаш, аниқ мезонларни ҳисобга олиш муҳим: қатъиятлилик, ишлаш тезлиги, ечимларнинг турли-туманлиги.

Бола учун расм чизиш дарслари форматини қандай танлаш керак?

Биринчи навбатда, қўшимча расм чизиш дарслари шаклини танлаш боланинг индивидуал хусусиятларига боғлиқлигини тушуниш лозим. Масалан, нозик асаб тизимига эга бўлган болалар — дунёни чуқурроқ идрок этадиган, ўзини намоён қилишга мойил ва кўпинча ўз ички дунёсида яшайдиган болалар — ўзларини эркин ва қулай ҳис қилишлари учун қўллаб-қувватловчи муҳитга муҳтож бўладилар. Гарчи якка тартибдаги машғулотлар қулай формат бўлиб туюлса-да, аслида улар зарарли бўлиши мумкин — ўқитувчига тақлид қилишга интилишда кўпинча болалар фақат битта услуб ва техникани кўр-кўрона такрорлашга ўрганиб қолади.
Сурат Галина Кальченко архивидан олинган.Сурат Галина Кальченко архивидан олинган.

Агар болага кўпчилик орасида диққатни жамлаш қийин бўлса, унда кичик гуруҳлардаги машғулотларни афзал кўрган маъқул. Бу ерда у нафақат ўқитувчидан фикр-мулоҳаза олади, балки бошқа болаларнинг ғоялари ва ишларини ҳам кўради, бу эса унинг фантазиясини кучайтиради.

Машғулотларда бошқалардан ажралиб турадиган истеъдодли болалар алоҳида ёндашувни талаб қилади. Агар бола ижодий касб танлашга қарор қилган бўлса ва у ўзини келажакда рассом сифатида кўрса, унга касбий асос бериш муҳим аҳамиятга эга.

Ўқитувчини танлашда қуйидаги мезонларга эътибор қаратиш лозим:

  • Болаларни севиш. Агар ўқитувчи асабийлашса ёки бефарқ бўлса, бу боланинг ўрганишига ва ҳиссий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
  • Касбга бўлган иштиёқ. Яхши ўқитувчи ўз ишини астойдил яхши кўради. У доимо ўрганади, янги нарсаларни синаб кўради ва ўз намунаси билан илҳомлантиради.
  • Бола даражасида мулоқот қилиш қобилияти. Педагог материални болага тушунарли тилда тушунтириши, манманлик ва такаббурликсиз ишонч ва ҳурматга асосланган муносабат ўрнатиши керак.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Source link

Фото: gazeta.uz сайтидан олинди

Қазір оқылып жатыр

EurasiaPluse.kz

Ел іші-сыртындағы өзекті жаңалықтар, сараптамалар, саяси және қоғамдық пікірлер

Соңғы жазбалар

@2025 – Барлық құқықтары қорғалған. EurasiaPluse.kz