Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарар Ҳиндистон яқин 24−36 соат ичида Покистонга ҳарбий зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида «ишончли маълумотлар» борлигини айтди, деб ёзади BBC News.

«Покистон Ҳиндистон яқин 24−36 соат ичида [Исломободнинг] Паҳалгамдаги воқеага алоқадорлиги ҳақидаги асоссиз ва уйдирмага йўғрилган айбловлар баҳонасида ҳарбий зарба бермоқчи экани ҳақида ишончли маълумотларга эга», — деб ёзди Тарар Х ижтимоий тармоғида.

Ҳиндистоннинг «ҳар қандай ҳарбий авантюризми»га «қатъий жавоб» берилади, деди вазирлик раҳбари. Эскалация ва унинг оқибатлари учун жавобгарлик «тўлиқ Ҳиндистон зиммасида бўлади», дея қўшимча қилди у.

Тарарнинг бу баёноти Ҳиндистон Покистонни ўтган ҳафта Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги Паҳалгам шаҳрида сайёҳларга уюштирилган ҳужум ортида турган жангариларни қўллаб-қувватлашда айблаганидан кейин пайдо бўлди. Ҳужум оқибатида 26 киши — 25 нафар Ҳиндистон фуқароси ва бир нафар Непал фуқароси ҳалок бўлган.

Ҳиндистон ҳужум қилган тўрт кишидан учтасини аниқлади, улардан иккитаси Покистон фуқароларидир. Исломобод ҳодисага алоқадорлик ҳақидаги айбловларни рад этди ва нейтрал тергов ўтказишга чақирди.

Ҳиндистон ва Покистон 1947 йилда бўлинганидан бери Кашмир ҳудуди бўйича баҳслашмоқда ва ҳозиргача икки марта уруш олиб борган. Паҳалгам яқинидаги ҳужум сўнгги 20 йил ичида ушбу минтақадаги тинч аҳолига қилинган энг ҳалокатли ҳужум бўлди. Сўнгги кунларда икки давлатнинг тан олинмаган чегарасида икки томонда жойлашган қўшинлар ўртасида вақти-вақти билан отишмалар содир бўлмоқда.