Ҳукумат қарори билан номоддий маданий мерос намуналарини рўйхатга киритиш ёки ундан чиқариш билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Мазкур регламент жисмоний ва юридик шахсларга ЯИДХП (my.gov.uz) ва Давлат хизматлари марказлари орқали номоддий маданий мерос намуналарини Номоддий маданий мерос намуналарининг миллий ва маҳаллий рўйхатларига киритиш ҳамда улардан чиқариш, шунингдек, уларнинг ушбу рўйхатларга киритилган ёки киритилмаганлиги тўғрисида маълумотлар олиш билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.

Номоддий маданий мерос — халқнинг анъанавий билимлари, кўникмалари, урф-одатлари, миллий байрамлари, фольклори, анъанавий ҳунармандчилик санъати каби моддий бўлмаган маданий қадриятлар.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти ушбу соҳада ваколатли орган ҳисобланади.

Регламентга кўра, номоддий маданий мерос намуналарини:

  • миллий рўйхатга киритиш ёки ундан чиқариш масаласи илмий-методик кенгаш томонидан;
  • маҳаллий рўйхатга киритиш ёки ундан чиқариш масаласи экспертлар гуруҳи томонидан кўриб чиқилади.

Номоддий маданий мерос намуналарини рўйхатларга киритиш ёки улардан чиқариш, шунингдек, уларнинг ушбу рўйхатларга киритилганлиги ёки киритилмаганлиги тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотнома берилади.

️Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун тўлов ундирилмайди.