Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Шимолий Корея биринчи марта Россия томонида Украина билан урушда иштирок этиш учун ҳарбийларни юборганини тасдиқлади, деб ёзди Yonhap Корея марказий телеграф агентлигига (KCNA) таяниб.
KCNA маълумотларига кўра, қўшинларни жўнатиш КХДР ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома доирасида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг «буйруғи билан» амалга оширилган.
«Украина расмийларининг Россия Федерациясига авантюристик бостириб киришини қайтариш учун Курск вилоятини озод қилиш бўйича операциялар ғалаба билан якунланди», — дейилади KCNA хабарида.
Қўшимча қилинишича, КХДР Қуролли кучлари бўлинмалари «давлат раҳбари Ким Чен Иннинг буйруғига биноан» операцияларда иштирок этган.
KCNA хабарида, шунингдек, Шимолий Корея кучларининг Россиядаги ҳарбий фаолияти БМТ низоми, бошқа халқаро қонунлар, Пхеньян ва Москва ўртасидаги икки томонлама шартномага «тўлиқ мос келиши» қайд этилган.
КХДР ҳарбийларининг Россияга юборилиши ҳақидаги хабарлар биринчи марта 2024 йил октябрь ойида пайдо бўлган. Ўшанда Жанубий Корея разведкаси уларнинг сонини 3 минг аскар деб баҳолаган ва Пхеньян Россияга жами 10 мингга яқин ҳарбий жўнатишини қўшимча қилганди. Пхеньян ва Москва бу маълумотни тасдиқламаган.
Январь ойида Украина президенти Владимир Зеленский Шимолий Корея ҳалок бўлган ва яраланган 4 мингга яқин аскарини йўқотганини айтганди.
Ўтган ҳафта Россия томони КХДР қўшинларининг Украина билан урушда иштирок этишини расман тасдиқлади. Ўтган шанба куни Россия Қуролли кучлари бош штаби раҳбари Валерий Герасимов президент Владимир Путинга Курск вилоятидаги вазият ҳақида ҳисобот берар экан, Шимолий Корея ҳарбийлари минтақани озод қилишда «сезиларли ёрдам кўрсатганини» айтди.
28 апрель куни Путиннинг ўзи Курск вилоятига бостириб кирган Украина ҳарбийларининг «гуруҳини мағлуб этишда иштирок этган» Корея халқ армияси бўлинмаларига миннатдорчилик билдирди, дейилади Кремль баёнотида. Россия президентининг сўзларига кўра, КХДР ҳарбийлари «халқаро ҳуқуққа, Россия Федерацияси ва КХДР ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартномага мувофиқ» ҳаракат қилган.
Украина Қуролли кучлари бош штаби, ўз навбатида, Россиянинг Курск вилояти ҳудудида жанговар ҳаракатлар тугагани ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. «Украина Мудофаа кучларининг Курск вилоятининг айрим ҳудудларида мудофаа операцияси давом этмоқда», — дейилади Украина бош штаби баёнотида. Таъкидланишича, «оператив вазият мураккаб», бироқ украиналик ҳарбийларни ўраб олиш хавфи йўқ. Кейинроқ Зеленский Курск вилоятида жанглар давом этаётганини маълум қилди.
- Россия ва Шимолий Корея 2024 йил июнь ойида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолаганди. У, хусусан, агар томонлардан бири «бирор давлат томонидан қуролли ҳужумга учраса», иккинчи томон «зудлик билан ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатишини» назарда тутади.
- Украина 2024 йилнинг ёзида Россиянинг Курск вилоятида ҳужум бошлади ва минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудни назорат остига олишга муваффақ бўлди. BBC рус хизматининг ёзишича, Киев Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудлари эвазига Украина томонидан босиб олинган ҳудудлардан фойдаланиши мумкинлиги тахмин қилинганди, аммо энди бу «хаёлий кўринмоқда».
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди