Туркиянинг Истанбул шаҳри Кадикой туманида 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси ижарада турган уйида чиққан ёнғин сабаб вафот этди. Бу ҳақда мамлакатнинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар қилди.

24 апрель куни бош консулхона Ўзбекистон Миграция агентлиги билан ҳамкорликда, ушбу фуқаронинг жасадини ватанга қайтарди. Марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга юбориш билан боғлиқ барча харажатлар Миграция агентлиги томонидан тўлиқ қоплаб берилди.

Шу ўринда, консулхона, ижтимоий тармоқларда айрим шахслар томонидан марҳумни Ўзбекистонга юбориш учун ёрдам пули йиғилаётгани ҳақидаги ёлғон ва асоссиз маълумотлар тарқатилаётганини қайд этган. Консулхона фуқароларни бу каби нотўғри хабарларга ишонмасликка ва расмий манбаларга таянишга чақирди.

Дипломатик идора, шунингдек, чет элда бўлган даврида вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг жасадини ватанга қайтариш билан боғлиқ харажатлар давлат томонидан қопланишини эслатиб ўтди.

Аввалроқ Истанбулда Ўзбекистон фуқароси зилзила вақтида қўрқиб кетиб, вафот этгани ҳақида хабар берилганди.