Ҳиндистон ҳукумати Покистоннинг барча авиакомпаниялари, жумладан, ҳарбий самолётлари учун мамлакат ҳаво ҳудудини ёпганини эълон қилди, деб хабар бермоқда Reuters. Чекловлар 30 апрелдан кучга кирган ва 23 майгача амал қилади.

Ҳиндистон ҳукумати бундай қарорни ўтган ҳафта Деҳли назоратидаги Кашмирнинг Паҳалгам шаҳрида сайёҳларга қилинган ҳужумдан кейин Покистон билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида қабул қилди.

Покистон 24 апрель куни Ҳиндистон самолётлари учун ҳаво ҳудудини ёпган. Мамлакат расмийлари, шунингдек, Ҳиндистон билан барча савдони, шу жумладан, учинчи давлатлар орқали савдони ва Ҳиндистон фуқароларига махсус Жанубий Осиё визаларини беришни тўхтатди.

Бир кун аввал Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарар мамлакатда Ҳиндистон яқин 24−36 соат ичида Покистонга ҳарбий зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида «ишончли маълумотлар» борлигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистон Исломободнинг Паҳалгамдаги воқеага алоқадорлиги ҳақидаги «асоссиз ва уйдирмага йўғрилган айбловлар»ни баҳона қилмоқда.

Ҳиндистон Покистонни Кашмирнинг Ҳиндистон назорати остидаги Паҳалгам ҳудудида сайёҳларга қилинган ҳужум ортида турган жангариларни қўллаб-қувватлашда айблади. Ҳужум оқибатида 26 киши — 25 нафар Ҳиндистон фуқароси ва бир нафар Непал фуқароси ҳалок бўлди.

Ҳиндистон ҳужум қилган тўрт кишидан учтасини аниқлади, улардан иккитаси Покистон фуқароларидир. Исломобод ҳодисага алоқадорлик ҳақидаги айбловларни рад этди ва нейтрал тергов ўтказишга чақирди.

Ҳиндистон ва Покистон 1947 йилда бўлинганидан бери Кашмир ҳудуди бўйича баҳслашмоқда ва ҳозиргача икки марта уруш олиб борган. Паҳалгам яқинидаги ҳужум сўнгги 20 йил ичида ушбу минтақадаги тинч аҳолига қилинган энг ҳалокатли ҳужум бўлди. Сўнгги кунларда икки давлатнинг тан олинмаган чегарасида икки томонда жойлашган қўшинлар ўртасида вақти-вақти билан отишмалар содир бўлмоқда.