Главная страница » «Илгари болалар сув таширди, ҳозир эса ўқияпти». БМТ ТД ташаббуслари ўзбекистонликлар ҳаётини қандай ўзгартирмоқда?

«Илгари болалар сув таширди, ҳозир эса ўқияпти». БМТ ТД ташаббуслари ўзбекистонликлар ҳаётини қандай ўзгартирмоқда?

by EurasiaPluse
0 пікір

Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Саккиз нафар ўзбекистонлик БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТ ТД) 60 йиллигига бағишланган Ted Talks форматидаги тадбир — UNDP Talks иштирокчисига айланди.

БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзии дастур бенефициарларининг ҳикоялари муваффақият тарихи бўлибгина қолмай, ҳукумат томонидан миллий даражада татбиқ этилиши мумкин бўлган кенг кўламли лойиҳалар эканлигини таъкидлади. Дастур ташаббуслари камбағалликнинг кўп қиррали муаммосига қарши курашишга қаратилган. Унинг кўлами фақат молиявий масалалар билан чекланиб қолмай, таълим, ҳуқуқий ёрдам, иқлим, энергетика ва бошқа соҳаларга ҳам дахлдор.

Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов мамлакатда камбағаллик даражаси 2019 йилдаги 21 фоиздан 2025 йилга келиб 9 фоиздан камроққа пасайганини қайд этди.

Илҳом Норқулов. Сурат: БМТ ТД.Илҳом Норқулов. Сурат: БМТ ТД.

«Келгусидаги [камбағаллик даражасини] қисқартириш оилалар билан якка тартибда ишлашни талаб қилади, айниқса таълим соҳасида: ҳозирги вазифа — бундай оилаларнинг фарзандлари, хусусан, қизлар олий маълумот олишини таъминлашдир. Ёшларга инвестиция — мамлакатнинг иқтисодий ва географик чекловларини енгиб ўтишнинг калитидир», — деди Илҳом Норқулов.

БМТ Тараққиёт дастурининг камбағалликка қарши курашдаги ёндашуви оилаларни молиявий қўллаб-қувватлашнигина эмас, балки таълим, соғлиқни сақлаш ва ўз салоҳиятини юзага чиқариш имкониятларини оширишни ҳам назарда тутади, дея таъкидлади Акико Фудзии.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзии. Сурат: БМТ ТД.БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзии. Сурат: БМТ ТД.

БМТ ТД иштирокчиларини танлашда давлат идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари кўмаклашади, чунки, БМТ ТД ваколатхонаси раҳбарининг сўзларига кўра, «ким ёрдамга муҳтожлигини улар яхшироқ билади».

Мисол тариқасида Акико Фудзии маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни келтирди, бу ташкилотга камбағаллик ёки бошқа қийин вазиятларга дуч келган оилаларни аниқлашга ёрдам беради. БМТ ТД маҳаллий ташаббусларни энг яхши жаҳон амалиётлари, замонавий технологиялар ва янги ёндашувлар билан бойитади.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Махл ташкилот ташаббуслари ва унинг жамғармалари шарофати билан нафақат Ўзбекистон пойтахтида, балки вилоятларда ҳам ҳақиқий ўзгаришлар кўзга ташланаётганини таъкидлади.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Махл. Сурат: БМТТД.БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Махл. Сурат: БМТТД.

«Бизнинг дастурларимиз ёшлар, фермерлар, тадбиркорларнинг салоҳиятини юзага чиқаришга ёрдам беради. Улар барқарор ривожланиш бевосита жамоаларнинг ичидаги ташаббуслардан бошланишини ҳар куни исботлаб келяпти. Ривожланиш бу, аввало, одамлар, рақамлар ва кўрсаткичлар эмас», — дейди Сабина Махл.

UNDP Talks формати TED Talks — қисқа, лекин мазмунли чиқишлар туркумидан илҳомланган бўлиб, унда маърузачилар шахсий тажрибалари ва хулосалари билан ўртоқлашади. БМТ ТД бевосита камбағалликка дуч келган ва уни енгиб ўтиш йўлини топган инсонларга минбар берди.

«Менимча, бу — жуда самарали формат. [Бу масалада] ҳаммасини ўз бошидан кечирганлар гапириши керак. Расмий баёнотлар ва статистик маълумотларни ҳар куни эшитамиз ва кўрамиз», — дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги алоқалар бўйича координатори Шаҳноза Зафарий. Жорий йилда яна бир нечта шундай учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

UNDP Talks’да Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан бўлган тадбиркорлар, жамоатчилик фаоллари ва ижтимоий дастурлар иштирокчилари чиқиш қилди. Уларнинг ҳикоялари аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдан тортиб, заиф гуруҳларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва рақамли кўникмаларни ўргатишгача бўлган кенг кўламли ташаббусларни қамраб олади.

«Газета.uz» БМТТД ташаббусларининг машаққатли йўлни босиб ўтган икки нафар иштирокчиси ҳикоялари билан ўртоқлашади.

Инобат Зиёева, ҳуқуқий ёрдам олувчи

Инобат Зиёева Самарқанд вилояти Нуробод туманида туғилган. Болалигида спорт билан шуғулланган, аъло баҳоларга ўқиган, университетда таҳсил олишни орзу қилган. 19 ёшида ота-онаси олий таълимни қиз бола учун кераксиз деб ҳисоблаб, уни турмушга узатади.

Оилавий ҳаёти оғир кечади. Турмуш ўртоғининг саломатлиги билан боғлиқ ҳолат туфайли у фарзанд кўра олмасди, лекин фарзандсизлик учун айнан Инобат айбланади. Тонг саҳардан нон ёпиши, мол-ҳолга қараши, рўзғор ишларининг уддасидан чиқишига қарамай, қайнонаси уни қабул қилмайди. Эри пул ишлаб топиш учун кўп вақтини Россияда ўтказар, уни қўллаб-қувватлай олмасди. Ота-онаси ҳам унга суянч бўлмайди: ота уйига қайтмоқчи бўлганида, уни келинлик уйига қайтариб юборишади. Чунки «оилали аёл ота-онасиникига қайтиб келмаслиги керак».

Инобат Зиёева. Сурат: БМТ ТД.Инобат Зиёева. Сурат: БМТ ТД.

2015 йил 7 март куни Россиядан қайтган эри унга тилла занжир совға қилди. «Нега туғмас хотинга тилла олиб келдинг?», — жаҳл қилади ўшанда қайнона. 9 март куни Инобат кечки овқатга уннайди, лекин қайнонаси газ баллонини ёпиб қўяди. Оқибатда портлаш юз бериб, Инобатнинг юзи ва танаси жиддий куяди.

Аёл шифохонада беҳуш ётганида эри ажрашиш ҳақидаги ҳужжатларга имзо чекади. Ота-онасининг олдига қайтгач, у навбатдаги бегоналашувга дуч келди: акаси ва янгаси жароҳатланган аёлга ким ғамхўрлик қилиши устида жанжал кўтаради.

Шундан сўнг Инобат ҳеч кимдан ёрдам кутмай, муолажалари тугамаганига ҳам қарамай, тўқимачилик цехига ишга жойлашади. Тўрт йил у ўзи мустақил тирикчилик қилади, онасига ғамхўрлик қилади. 2018 йилда аёл яна турмушга чиқади. У ишлаб, турмуш ўртоғини қўллаб-қувватлайди, лекин оилавий ҳаёт яна оғир кечади. У ҳомиладор бўлади, бироқ доимий стресслар сабаб ҳомиласидан айрилади.

Инобат ишга қайтади, бу орада яна ҳомиладор бўлади. Ўтирган ҳолатда ишлаш узоқ кутилган ҳомиладорликка салбий таъсир қилишидан хавотирланиб, ишдан бўшайди. Бу қарор турмуш ўртоғи ва унинг оиласи билан зиддиятларни келтириб чиқаради. Уйдагилар Инобатнинг пул топиб келишини истарди. Ҳомиладорликнинг еттинчи ойида қайнисинглиси уни зинадан итариб юборади. Шифокорлар болани сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги ҳақида огоҳлантиради.

Касалхонадан қайтган Инобат турмуш ўртоғи эшик қулфларини алмаштиргани, уни уйга киритмоқчи эмаслигидан хабар топади. Икки кун кўчада қолиб кетади, учинчи куни фаол Бибисора Ориповадан ёрдам сўрайди, у Инобатга бошпана беради.

2021 йилнинг ноябрь ойида Инобат эгизак — ўғил ва қиз фарзанд кўрди. Бироқ ўғли узоқ яшамади: олти ойлигида туғма нуқсонлар туфайли вафот этди. Бундай оғир дамда ҳаётини қайта изга солишда унга Бибисора Орипова ёрдам берди: Инобат биринчи тиббий ёрдам, тўқимачилик, офис ишлари ва гиламдўзлик курсларини битирди. Ўтган йили БМТ ва Нуробод тумани ҳокимлиги ёрдамида унга Нурободдан уй берилди.

Инобат даставвал ишни гилам тўқиш ва кўйлаклар тикишдан бошлаган эди. У тайёрлаган нарсалар энди чет элларда сотиляпти. Ҳозир у уйидаги иккита хонани устахонага айлантирмоқчи, токи ҳамшаҳар хотин-қизлар ўз уйига яқин жойда ишлаши мумкин бўлсин.

«Қизларнинг келажаги учун уларга таълим беринг, ҳаётда йўл очинг», — дея хулоса қилади Инобат.

Саҳобат Аҳмедова, оққўрғонлик тадбиркор

Саҳобат Аҳмедова туман шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайди, турмуш ўртоғи ва тўрт фарзанди билан Беғубор маҳалласида яшайди. Асосий ишидан ташқари, у ўз томорқасида деҳқончилик билан шуғулланади. Сув танқислиги туфайли узоқ йиллар давомида ҳосил етиштириш қийин кечган. Сув ариқларга фақат фермер далаларини суғоргандан сўнг — тартибсиз ва кутилмаганда келарди.

«Помидор ёки пиёзни суғоришга сиз қанча вақт сарфлайсиз? 10 дақиқа? 30? Бизнинг маҳаллада сувни ҳафталаб кутардик. Баъзан келарди, баъзан — йўқ. Ҳосилимиз нобуд бўлаётгани, ер чанг-тўзонга айланаётганини томоша қилишдан бошқа чорамиз йўқ эди», — дейди Саҳобат.

Саҳобат Аҳмедова. Сурат: БМТ ТД.Саҳобат Аҳмедова. Сурат: БМТ ТД.

БМТ ТД лойиҳаси унинг маҳалласида қуёш панелли насослар билан ишлайдиган томчилатиб суғориш тизимини ўрнатди. Энди сув узлуксиз келяпти ва Саҳобатнинг томорқаси илк бор мўл ҳосил берди.

«Суғориш муаммосидан қутулдик. Сабзи, картошка, пиёз, лавлаги экдик. Энди ҳосилимизни ўзимиз истеъмол қилиш билан бирга, сотяпмиз ҳам. Қўшнилар илгари бозорга борарди, энди эса биздан харид қиляпти».

Қўшимча даромад оилага фарзандларини ўқув курсларига юбориш имконини ҳам берган.

«Илгари болаларимиз сув ташишарди, энди ўқишяпти», — дейди Саҳобат.

У шундай лойиҳалар кўпайишини, бошқа маҳаллалардаги аёллар ҳам сувни қаердан олиш ҳақида эмас, балки ўз истакларини рўёбга чиқариш ҳақида ўйлашини орзу қилади.

Source link

Фото: gazeta.uz сайтидан олинди

Қазір оқылып жатыр

EurasiaPluse.kz

Ел іші-сыртындағы өзекті жаңалықтар, сараптамалар, саяси және қоғамдық пікірлер

Соңғы жазбалар

@2025 – Барлық құқықтары қорғалған. EurasiaPluse.kz