Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузак туманида Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўл магистралининг муҳим объектлари қурилиши бошланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Тантанали маросимда Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ вакиллари, шунингдек, Хитой ва Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихоналари, уч мамлакат давлат органлари ва «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» қўшма корхонаси вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари — сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Бахит Торобаев Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли шунчаки транспорт йўлаги эмас, балки Шарқ ва Ғарбни боғловчи стратегик аҳамиятга эга «кўприк» эканини таъкидлади.
«Бу лойиҳа нафақат инфратузилмавий аҳамиятга эга, балки ҳаёт сифатини ошириш, иқтисодий ўсиш, ҳудудлар ва халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга йўл очади. У савдо, инвестициялар, саноат ва логистикани ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади, минглаб иш ўринлари билан таъминлайди ва мамлакатларимиз иқтисодиётига кучли туртки беради», — дея таъкидлади Бахит Торобаев.
Лойиҳа доирасида Қирғизистон ҳудудида умумий узунлиги 37 километрдан ортиқ бўлган учта йирик туннель қурилиши режалаштирилган:
- «Норин (Жаман-Даван)» 1-туннели — 12,5 км;
- «Коштоба (Казарман)» туннели — 13,2 км;
- Фарғона тоғ туннели — 12,2 км.
Узунлиги 12 км бўлган туннеллардан бири Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидан Тоғуз-Торов туманигача давом этади. Норин ва Жалолобод вилоятларида яна иккита йирик туннель қурилади.
Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўлининг умумий узунлиги 532,53 км. Шундан 158,04 км Хитой ҳудуди бўйлаб («Қашқар — Торугарт»), 304,94 км Қирғизистон ҳудуди бўйлаб (167,54 км 1435 мм из (колея) кенглиги билан), шунингдек, 138,77 км (1520 мм билан).
Лойиҳада 46 та кўприк (120 км) ва 27 та туннель қуриш кўзда тутилган бўлиб, бу бутун трассанинг 39,3 фоизини ташкил қилади.
Шунингдек, 20 та темирйўл станцияси (иккита истиқболли), жумладан, 2 та чегара станцияси, 1 та қайта юклаш станцияси, 4 та оралиқ станция ва 13 та разъезд қурилиши режалаштирилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш учун инвестициялар ҳажми 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Қурилишга 20 мингдан зиёд киши жалб қилинади.
Лойиҳани ишга тушириш маросими 2024 йил 27 декабрь куни Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтган. Уч давлат раҳбарлари — Садир Жапаров, Си Цзиньпин ва Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатларида бўлажак темирйўл артериясининг минтақа ва дунё учун стратегик аҳамиятини таъкидлаган.
Транспорт вазирлиги вакили ёзда «Газета.uz» билан суҳбатда қўшма компанияда Хитойнинг улуши 51 фоизни, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг улуши эса 24,5 фоизни ташкил этишини маълум қилганди. Унинг таъсисчилари Хитойнинг China Railway International, «Киргиз темир жолу»» ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари ҳисобланади. Қирғизистон ўз бюджетида 11 млрд сўм (тахминан 130,5 млн доллар) ажратишни режалаштирган.
«Хитой ҳудудида темирйўл қурилиши тўлиқ амалга оширилади ва Хитой томонидан молиялаштирилади. Бундан ташқари, улар Қирғизистон ичидаги ушбу жараёнларда иштирок этади. Ўзбекистонда лойиҳага қўшилиш учун тахминан 10 км йўл қуришимиз керак. Ишларнинг асосий қисми Қирғизистонда», — деди суҳбатдош.
Лойиҳа учун маблағнинг ярмини иштирокчи давлатлар қўшма корхонадаги улушларига мувофиқ ўз маблағлари ҳисобидан тақдим этади: 1,18 миллиард доллар Хитой, қарийб 700 миллион доллар Қирғизистон томонидан ажратилади. Шу билан бирга, 19 июнь куни Қирғизистон парламентида бўлиб ўтган тақдимотда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳар бири 573 миллион доллардан ажратиши айтилганди.
Яна 2,35 млрд доллар Хитой томонидан тақдим этиладиган нотижорат кредитни ташкил этади. Ҳозирда бу борада Инэксимбанк ва ХХР Миллий банки билан музокаралар олиб борилмоқда.
Июль ойида Ўзбекистон президенти Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўлини қуриш бўйича лойиҳа компанияси устав фондига 255 млн доллар ажратиш бўйича топшириқ берганди. Шундан 14 млн доллари шу йил охиригача йўналтирилиши керак.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди