Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги юк ташувчиларни Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон йўналиши бўйича рухсатномалардан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари ҳақида огоҳлантирди. Қоидабузарларга бланкаларнинг берилиши чекланиши мумкин.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги халқаро юк ташувлари фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар раҳбарларига Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон йўналиши бўйича ташишларда кўп томонлама рухсатномалардан фойдаланиш қоидаларига амал қилиш зарурлигини эслатди.
Вазирлик баёнотида қайд этилишича, ушбу бланкалар фақат Тошкент — Андижон — Ўш — Иркештом — Қашғар йўналишида белгиланган чегара ўтказиш пунктлари орқали ва тескари йўналишда юкларни ташиш учун мўлжалланган. Улар уч мамлакат ўртасидаги транспорт йўлагини ривожлантириш доирасида чиқарилган.
Бироқ Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги пайтларда рухсатномалардан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Айрим корхоналар улардан бутун йўналиш бўйлаб эмас, фақат Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида юк ташиш учун фойдаланмоқда.
Вазирлик айнан ушбу ҳолатда ишлатилган рухсатнома бланкалари мақсадсиз фойдаланилган ҳисобланиши ва келгусида ушбу корхоналарга шу турдаги рухсатнома бланкаларининг тақдим этилиши чекланиши ҳақида огоҳлантирди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди