Португалия, Испания ва Европанинг бошқа бир қатор мамлакатларида 28 апрель куни кундузи электр таъминотида кенг кўламли узилиш юз берди, деб хабар бермоқда Guardian ва CNN.

ОАВнинг ёзишича, электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бутун Пиреней яриморолидаги миллионлаб одамларга таъсир қилган.

Электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳақида Андорра ва Франциянинг бир қисми аҳолиси ҳам хабар берди, деб ёзади Euronews. Телеканал маълумотларига кўра, узилишлар Бельгияда ҳам қайд этилган.

Испаниянинг RTVE телерадиокомпанияси электр таъминотидаги узилишлар маҳаллий вақт билан соат 12:30 атрофида бошланганини маълум қилди. Испания парламенти чироқсиз қолди. Мадридда Барахас аэропорти фаолияти вақтинча тўхтатилди. Барселона, Валенсия ва Мадридда метро тўхтаб, светофорлар ўчди.

Португалияда узилиш Лиссабон ва унинг атрофидаги ҳудудларга, шунингдек, мамлакатнинг шимолий ва жанубий қисмларига таъсир қилди. Носозлик туфайли бутун мамлакат бўйлаб телефон алоқаси ва светофорлар ишламай қолди. Лиссабон ва Порту шаҳарларида метро ёпилди, деб ёзади Reuters.

Узилиш сабаблари ҳали номаълум. Испаниянинг энг йирик электр энергияси компаниялари Endesa ва Iberdrola текширув ўтказаётганини маълум қилди. Португалиянинг E-Redes дистрибьюторининг таъкидлашича, узилиш «Европа электр таъминоти тизими билан боғлиқ муаммо» туфайли юз берган.

Испания ва Португалия ҳукуматлари вазирлар маҳкамасининг фавқулодда йиғилишларини чақирди.