28 апрель куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси фуқаролик жамияти учун бешта янги лойиҳа бошланганини маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Лойиҳалар деярли 2,9 миллион евро миқдорида молиялаштирилади. Янги ташаббуслар фуқаролик жамиятининг сиёсий мулоқот, гендер тенглиги, ҳуқуқий таълим ва медиасаводхонликка қўшган ҳиссасини кучайтириш орқали Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлайди.

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган янги лойиҳалар орасида:

  • EQUALITY — хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтиришда фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳа. лойиҳани Oq Yelkan ижтимоий ҳимоя ва таълим маркази, Қашқадарё вилоятидаги «Юксалиш» ахборот-консалтинг ресурс маркази ва Ўзбекистондаги NIHOL ННТ-марказ билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.
  • SHIELD — Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси (ICJ) томонидан Ривожланиш стратегияси маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган инсон ҳуқуқлари ва таълим ташаббуси.
  • Human Rights in Action — томонидан «Баркарор ҳаёт» халқаро ижтимоий ва таълим маркази билан биргаликда амалга оширилаётган ёшлар ва ННТлар билан ҳамкорликда ўзгаришларни рағбатлантириш.
  • Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази (ЗЖРМ) Ҳуқуқий сиёсатни ўрганиш маркази (Қозоғистон) билан ҳамкорликда амалга ошираётган Ўзбекистон рақамли ҳуқуқлар ва ОАВ ташаббуси (UDRMI).
  • Конрад Аденауэр жамғармаси (KAS) томонидан «Юксалиш» ҳаракати билан ҳамкорликда Ўзбекистонда инклюзив ривожланиш учун фуқаролик жамиятини кучайтириш.

Делегациянинг таъкидлашича, ушбу беш ташаббус миллий қамровни ҳудудлардаги мақсадли ишлар билан уйғунлаштиради. Ташаббуслар Тошкент, Қорақалпоғистон, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарёда амалга оширилади.

Ҳар бир лойиҳа Европа ва Ўзбекистон ҳамкор ташкилотларини бирлаштиради. Улар фуқаролик жамияти фаолларининг салоҳиятини ривожлантириши, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам бериши ҳамда фуқаролик жамияти ва барча даражадаги ҳукумат институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириши кутилмоқда.

«Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятини доимий қўллаб-қувватлаётганини тасдиқлайди. Бу лойиҳалар адолат, гендер тенглиги, ахборот ва рақамли ҳуқуқлар масалаларида фуқароларнинг фаол иштироки учун шарт-шароит яратиш бўйича умумий мақсадимизни акс эттиради. Бу фуқароларнинг овозини янада адолатли, инклюзив ва барқарор жамиятларни шакллантириш учун кучайтиришга қаратилган. Жонли фуқаролик жамияти — демократик,инклюзив ва гуллаган келажак қуришнинг зарурий шарти ва ЕИ бу йўлда ишончли ҳамкор бўлишдан фахрланади», — деди Европа Иттифоқи элчиси Тойво Клаар.

«Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланаётган мазкур лойиҳалар — Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, фуқаролик жамияти фаолларининг имкониятларини кенгайтириш ва инсон ҳуқуқларига асосланган тараққиётни рағбатлантириш йўлидаги муҳим қадам. Ушбу муҳим ишга ҳисса қўшаётган барчадан миннатдорман», — деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов.