Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуманноп Бўриев 24 апрель куни Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқовга Яшнобод тумани Содиқ Азимов кўчасида жойлашган Testo ресторани электр таъминотидан узилиб қолганига ойдинлик киритишни сўраб депутатлик сўрови юборди.

Депутатнинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда Тошкентда туризм инфратузилмасини яратиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда, бироқ баъзи ҳолларда бундай лойиҳаларни ташкил этиш тизимсиз бўлиб, бизнесга зарар етказмоқда.

Хусусан, Testo ресторанлар тармоғи ҳаммуассиси Замира Раҳмонова 2024 йил август ойидан бошлаб Содиқ Азимов кўчасида сайёҳлик зонасини яратишга қаратилган таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ишлар аҳоли ва бизнес учун катта ноқулайликлар туғдирган.

Унинг сўзларига кўра, туман ҳокимлиги муассасага «муассаса концепциясига мос келмайдиган» фасад дизайнини таклиф қилган. Шу боис бренднинг ўзига хослигини сақлаб қолиш учун лойиҳани ўз ҳисобидан ишлаб чиқишга қарор қилининган. «Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳри ҳокими жаноб Шавкат Умурзоқовнинг ташрифидан сўнг туман ҳокимлиги томонидан фаол ҳаракатлар бошланди. Бизга 1 майга қадар ёзги ҳудудни зоналаштиришни якунлаш, брусчатка ётқизиш, фасадни таъмирлаш ва атрофни ободонлаштириш топширилди», — деди у.

21 апрель куни Testo ресторани 5 соатдан кўпроқ вақт давомида электр тармоғидан огоҳлантиришсиз узилган. Парламент аъзосининг сайёр текшируви бу фактларни тасдиқлади: узилиш 21 апрель куни Яшнобод тумани ҳокимлиги ходимлари ташаббуси билан содир бўлган.

Абдуманноп Бўриев тадбиркорлик фаолияти эркинлиги тўғрисидаги қонунчиликка кўра, давлат органлари бизнеснинг қонуний фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслигини, маҳаллий ҳокимият органлари эса тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шартлигини эслатди.

Депутат ўз сўровида таъмирлаш ишларининг ҳудуддаги тадбиркорлар фаолиятига таъсири, келгусида бундай қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан 10 кун ичида асослантирилган тушунтиришлар беришни сўраган.