БМТ бутун дунё бўйлаб департаментларни бирлаштириш ва ресурсларни қайта тақсимлашга олиб келадиган кенг миқёсли қайта ташкил этиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб ёзмоқда Reuters БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган олти саҳифали махфий меморандумга таяниб.

Ҳужжат, хусусан, ўнлаб агентликларни тўртта асосий йўналиш — тинчлик ва хавфсизлик, гуманитар масалалар, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари бўйича бирлаштиришни таклиф қилади.

Вариантлар орасида Жаҳон озиқ-овқат дастури, БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармасининг операцион тузилмаларини ягона гуманитар ташкилотга бирлаштириш ҳам бор.

Меморандумда, шунингдек, БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича қўшма дастурини ЖССТ билан бирлаштириш ва йиғилишларда олтита таржимонга бўлган эҳтиёжни камайтириш таклиф қилинган.

Бундан ташқари, ҳужжатда БМТ ходимларининг бир қисмини қимматроқ шаҳарлардан камроқ харажатлар кетадиган шаҳарларга ўтказиш таклиф қилинган.

Қайта ташкил этиш ташаббуси АҚШнинг хорижий давлатларга ёрдамини қисқартириш фонида БМТнинг молиявий инқирози билан боғлиқ. 2025 йил бошига келиб, БМТнинг энг йирик донори ҳисобланган АҚШнинг ташкилотнинг мунтазам бюджетига мажбурий тўловлар бўйича 1,5 млрд доллар ва тинчликни сақлаш операциялари учун 1,2 млрд доллар қарзи бор эди.