️Ҳукумат қарори билан бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Низом нотурар бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини аниқлаш ва хатловдан ўтказиш, хатлов натижаларини расмийлаштириш, бўш турган давлат кўчмас мулк объектларидан самарали фойдаланиш мезонлари ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш тартибини белгилайди.

Низомга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари «Давлат мулки» ахборот тизимида бўш турган давлат кўчмас мулк объектларининг ҳисобини юритиш соҳасида бир қатор ишларни амалга оширади.

Хусусан, тоифаларга ажратиш бўйича бўш турган, ️меъёрга асосан ортиқча майдон аниқланган️ ва қурилиши тугалланмаган (1 йилдан ортиқ муддатда) объектлар белгиланади.

Самарали фойдаланиш чоралари кўрилганлиги бўйича бинолар қуйидагича ажратилади:

  • ривожлантириш дастурларига киритилган;
  • ️оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган;
  • ️давлат-хусусий шериклик дастурига киритилган;
  • ️ижарага бериш учун оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.

️Марказ аниқланган бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни хатлов якунлангандан сўнг 10 кун муддатда ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

Президент қарори билан 1 июлдан Ўзбекистоннинг 15 та шаҳар ва туманидаги барча давлат идоралари битта кўп қаватли бинога кўчирила бошлайди. Бўшатилган бинолар аукционда тадбиркорларга сотилади.

Аввалроқ ҳукумат қарори билан томорқалар ва ижара асосидаги ер майдонларида самарасиз фойдаланаётганларга кўриладиган чоралар ишлаб чиқилганди. Уларнинг айрим имтиёзлари тўхтатилади, кредитлар берилмайди ва экин экилмагани аниқланган йил учун ер солиғи уч карра миқдорида ҳисобланади.