Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: ИИВ матбуот хизмати
Андижон ва Тошкентда Ҳаж ва Умра зиёратларига юборишни ваъда қилиб, юзлаб фуқаронинг пулларини ўзлаштирган шахслар қўлга олинди. Хусусан, улардан бири 101 нафар жабрланувчига тегишли 42 минг доллардан зиёд мулкни, хусусан, авиачипталар ва меҳмонхона учун маблағини тортиб олган.
Андижон вилояти ва Тошкент шаҳрида Ҳаж ва Умра зиёратларига юбориш билан алдаб, фуқароларнинг маблағларни ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди, деб хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги.
Андижон вилояти ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 1986 йилда туғилган шахс қўлга олинди. У туристик фирмаси орқали 2025 йилги Ҳаж зиёратига фуқароларни юборишда ҳар бир зиёратчи учун 5000 доллар нарх белгилаган. Унга мурожаат қилган мижознинг 3 нафар қариндошини Хажга юбориш учун келишилган пулнинг бир қисми — 6000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент шаҳрида яшовчи 1997 йилда туғилган аёл аризачи ва унинг 2 нафар танишини Ҳаж ва Умра зиёратига олиб бориш эвазига ҳар бир фуқаро учун 4850 доллардан талаб қилган. У Сергели туманида кимёвий ишлов берилган 14 550 долларни олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.
Ички ишлар вазири номига ариза билан мурожаат қилган фуқаро Яккасарой туманида фаолият юритувчи Kavsar Travel МЧЖ директорига қонуний чора кўришни сўраган. У Умра зиёратига юборган фуқароларнинг Мадина шаҳридаги меҳмонхонага тўлаши керак бўлган 850 долларини ўзига тўлатишга эришиб, пулларни қайтармаган.
Бундан ташқари, худди шу МЧЖ директори Умра зиёратига бориш учун 70 нафар фуқаронинг умумий қиймати 42 минг 625 долларга тенг авиачипталарини олиб кетиб, пулларни бермасдан келган.
Ҳолат юзасидан жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» «б», бандлари (Жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни вақтда мазкур МЧЖдан зарар кўрган фуқароларнинг сони 101 нафарни ташкил этади. Жамият директори қамоққа олиниб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди