2024 йилда Ўзбекистонда меҳнат жараёни билан боғлиқ 868 та бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Шундан, 127 та ҳолат давлат ташкилотларида, қолган 741 та ҳодиса хусусий секторда кузатилган. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Гулноза Алимованинг «Газета.uz» сўровига берган ахборотида қайд этилган.

Маълум қилинишича, бахтсиз ҳодисалар оқибатида 976 нафар киши жароҳатланган. Шундан, 30 нафари енгил, 685 нафари оғир тан жароҳати олган. 261 нафар киши эса ҳалок бўлган.Ходимлар ёки уларнинг оила аъзоларига 3 миллиард сўмдан ортиқ товон пулларини ундириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилган ва ундириб берилган.

«2024 йили содир бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг моддий оқибатлари иш берувчиларга 114 млрд 772 млн сўмга тушган. Шундан, 67 млрд 303 млн сўм бир марталик нафақалар, 37 млрд 753 млн сўм ходимнинг меҳнатга лаёқатлилигини барқарор йўқотган ҳолатда зарарни қоплаш учун ҳар ойлик тўловлар ва бахтсиз ҳодиса туфайли боқувчисининг ўлими муносабати билан боқувчисиларга тўловларни, 9 млрд 715 млн сўм саломатлиги ёмонлашгани билан боғлиқ бўлган қўшимча харажатлар учун иш берувчи томонидан берилган компенсациялар ҳамда 14 млрд 902 млн сўм ҳодиса сабабли ташкилотга етказилган моддий зарар (хусусан, бузилган ускуналар, асбоб-анжомлар, бино ва иншоотларнинг қиймати)ни ташкил этган», — дейилади вазирлик ахборотида.

Таъкидланишича, 28 апрель — 2 май кунлари пойтахтда ўтказилган Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳафталиги доирасида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 2024 йилда иш жойида ҳалок бўлганлар хотираси учун 261 туп дарахт экилди.